БМТ бош котиби Ямандаги мактабга берилган авиазарба юзасидан тергов ишларини олиб боришга чақирди. Мактаб биносига уюштирилган ҳаво ҳужуми натижасида камида 10 нафар бола ҳалок бўлган. Бу ҳақида жаҳон ташкилотининг матбуот хизматида маълум қилишди

"Бош котиб 13 август куни Яман шимолидаги Саада провинциясида жойлашган мактабга уюштирилган ҳужумни қоралади", - дейилади ташкилот хабарида. Пан Ги Мун мазкур фожиа юзасидан тергов ишларини йўлга қўйишга чақирди. БМТда таъкидланишича, тинч аҳоли, шу жумладан болалар мамлакатдаги ҳарбий операциялардан жабр кўришмоқда. 

"Чегарасиз шифокорлар" ташкилотининг хабар беришича, шанба куни Саада провинцияси Хайдон туманидаги мактабга уюштирилган ҳаво ҳужуми натижасида 10 нафар бола ҳалок бўлган, 28 нафари жароҳат олган. Ҳалок бўлган болалар 8-15 ёш атрофида бўлишган. 

Саудия Арабистони раҳбарлигидаги коалиция 2015 йилнинг мартидан хусит жангариларини бомбардимон қилмоқда. Коалиция вакили ва Саудия мудофаа вазирининг маслаҳатчиси генерал Аҳмад Асирийнинг маълум қилишича, ВВС араб коалициясининг мақсади мактаб эмас, ёш хусит-жангариларни тайёрлаш лагери бўлган. 

БМТ бош котиби Ямандаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмаслигини яна бир бор таъкидлади.

Можарони бартараф этиш бўйича музокаралар апрелдан август ойигача (орада танаффуслар билан) Кувайтда ўтказилди, лекин бу ҳеч қандай ижобий натижа бермади. 

Яманда 2014 йилдан буён Бир томондан - "Ансар Аллоҳ" шия ҳаракатининг хусит жангарилари ва собиқ президент Али Абдуллоҳ Солиҳнинг содиқ армияси, иккинчи томондан -  жорий президент Абд Раббу Мансур Ҳадий тарафдорларидан иборат ҳукумат қўшинлари ўртасида можаролар давом этиб келмоқда, ҳукумат қўшинларини Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция қўллаб-қувватламоқда.