“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Фарғона вилояти кенгаши ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Қувасой шаҳридаги “Ниҳол” оромгоҳида тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳи ташкил этилди. Бу ҳақда УзА хабар берган.

Ўзбекистонда навқирон авлодни жисмонан ва маънан соғлом инсонлар этиб тарбиялаш, ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариши учун зарур шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Фарғона вилоятида вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактик ҳисобда турувчи ёшларни тўғри йўлга солиш, уларни спорт ва касб-ҳунарга жалб этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. 

"Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, гиёҳвандлик каби иллатлар тарқалишининг олдини олиш, ҳуқуқбузарлик содир этган ўсмирларни соғлом ҳаётга қайтариш, ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, болалар спортини ривожлантиришга ҳисса қўшиш мақсадида тарбия ва спорт- соғломлаштириш оромгоҳи ташкил этилди. Ушбу оромгоҳга ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турадиган вояга етмаган болалар жалб этилди",  – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши раиси ўринбосари Аҳаджон Акбаров.

Оромгоҳда мутахассислар иштирокида психологик семинар-тренинглар, гиёҳвандлик, ҳуқуқбузарлик ва диний экстремизмнинг инсон камолотига салбий таъсири ва унинг оқибатлари ҳақида суҳбатлар, ижодкорлар билан учрашувлар, спорт мусобақалари ўтказилди, бадиий фильмлар намойиш этилди. Уларда фаол қатнашиб жиноятчилик кўчасига адашиб кириб қолганини англаб етган ўнлаб ёшлар “Камолот” тавсияси билан ички ишлар идоралари профилактик ҳисобидан чиқарилди.