GM Uzbekistan АЖ ўтган ҳафта Nexia R3 автомобилларининг илк партиясини Россия Федерациясига юборди. 

«Аввалроқ жўнатилган R2 автомобилларига қўшимча равишда, 11-август куни Nexia R3 моделининг илк партияси Россия Федерацияга юборилди», - дейилади компания хабарида. 

Маълумки, Nexia R3 иккинчи авлод Chevrolet Aveo (Т250 платформаси)нинг модификацияланган русумидир.

Nexia R3га 1,5 литр ҳажмли мотор ўрнатилади.

Двигатель беш босқичли механик ёки олти босқичли автоматик узатмалар қутиси ёрдамида машинани ҳаракатга келтиради. 

Янги транспорт воситасининг биринчи тўпламига ЭРА-ГЛОНАСС, ҳайдовчи хавфсизлик ёстиқчаси, ABS, ESC ва аудиотизим киради.