Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бугун эълон қилинган 252-рақамли қарорига кўра (pdf), 8та акциядорлик жамияти раҳбари ишдан олинган.

Ўзбекистон ҳукумати акциядорлик жамиятларига хориж инвестицияси жалб этилиши бўйича дастур ижросини кўриб чиққан ва график бўйича вазифаларни бажаришда масъулиятсизликка йўл қўйган 8 АЖ раҳбарини лавозимидан озод этган.

2015 йилнинг декабрь ойида қабул қилинган тартибга кўра, АЖ таркибида чет эл сармоялари ҳажми камида 15 фоизни ташкил этиши керак эди. 2016 йилнинг февралида Ҳукумат  томонидан 91 АЖ рўйхати тасдиқланиб, уларга 2016 йилнинг 1 июлига қадар 15 фоиз чет эл сармоялари жалб қилиш белгиланган эди.

Ҳужжатга кўра, 26 АЖга чет эллик сармоядорларни жалб қилиш 2016 йилнинг 1 ноябрга қадар, 61 АЖга эса – жорий илкни 1 декабрига қадар белгиланган. Ҳужжатда айтилишича, 17 акциядорлик жамиятида раҳбарларнинг фаолиятсизлиги туфайли сармоядорлар жалб қилиш графиги бузилган.

8 раҳбар ишдан олинган, 9 АЖ раҳбари инвесторлар билан самарали иш олиб бора олмаган деб топилиб, уларга нисбатан интизомий чоралар кўрилган ҳамда жиддий огоҳлантирилган.

Ўз лавозимдан маҳрум бўлган раҳбарлар: «Гидромахсусқурилиш» АЖ (А.Ражабов), «Ховренко номидаги Самарқанд вино комбинати» (А. Нематов), «Тошкент қишлоқ хўжалик техникаси заводи» (Б. Ишметов), «Агрегат заводи» ( Р. Рахимов), «Наманган улгуржи савдо» (Т. Аббосов), «Чимбой мой» ( Д. Нуримбетов), «Ўзнефтгаз қурилиш инвест» (А. Алимов).

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси 1 апрелдан республика фонд биржасида (Тошкент РФБ) 59 корхона ва молия институтларининг қиймати 915 миллион долларга тенг бўлган давлат улушини савдога чиқарган эди.