Туркиянинг Сурия билан чегараси яқинидаги Инжирлик ҳарбий базасида сақланадиган АҚШ ядро арсенали террорчилар ва "бошқа душманона кайфиятдаги кучлар" ихтиёрига тушиши мумкин, дейилади Stimson Center нотижорат маркази эълон қилган ҳисоботда.

"Инжирлик авиабазасида АҚШнинг 10лаб ядро қуролларидан иборат арсеналнинг сақланиши, уни террорчилар ва бошқа душман кучлар томонидан эгаллаб олиниши эҳтимолини кучайтиради", — дейилади B61 Life Extension Program: Costs and Policy Considerations номли ҳисоботда.

"АҚШ Инжирликдаги элликка яқин ядро қуроли (В61 водород бомбаси)нинг хавфсизлигини Туркиядаги фуқаролик келишмовчилиги билан боғлиқ вазиятда нақадар таъминлай олади?, деган саволга аниқ жавоб бериш мушкул вазифадир", —дея таъкидланади ҳужжатда. 

Ҳисобот муаллифларидан бири Лейси Ҳили (Laicie Heeley)нинг фикрича, хавфсизлик нуқта-и назаридан баҳолаганда, Сурия билан чегарадан атиги 100 км узоқликдаги Инжирлик авиабазасида 50га яқин Америка ядро қуролини сақлаш, "лотерея ўйнаш" билан баробардир. 

"Бу қуроллар Европанинг хавфсизлигига умуман алоқаси йўқ, бугунги кунда мазкур ядро арсеналлари НАТОдаги иттифоқчиларнинг мажбуриятларига кўпроқ алоқадор бўлиб қолмоқда", — деб фикрлайди Ҳили. 

Ҳисоботда қайд этилишича, Европадаги барча B61 водород бомбаларини йўқотиш ҳамда Европа ҳудудида сақлаш учун уларни харид қилиш амалиётига чек қўйиш мақсадга мувофиқ бўлур эди. Шу билан 6 млрд долларга яқин маблағни ҳам иқтисод қилиш имкони пайдо бўлур эди. 

"Бу бомбалар бугунги кун талабларига жавоб бермайди, бунинг устига жуда қиммат ҳисобланади. Шунга кўра, уларни Европадан йўқотиб, НАТОдаги иттифоқчиларимизни ҳимоя қилаётган оддий қуролли кучларни кучайтириш маъқулроқ", — дейди Stimson Center маркази ҳамасосчиси Барри Блечман.

Аввалроқ, New Yorker нашрида чоп этилган мақолада таъкидланишича, Туркиядаги давлат тўнтариши НАТОнинг барча ядро қуроллари чорак қисмини ташкил этувчи ва Инжирлик ҳарбий базасида сақланувчи арсенал тақдирини хавф остига қўймоқда. Нашрга кўра, 1960-йиллардан бери АҚШ ядро арсеналининг 7 мингдан ортиқ қуроли Ғарбий Европага, Греция ва Туркияга кўчирилган.