Жорий йилда Наманган вилоятида 225 минг гектардан зиёд майдонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. 7 минг гектардан зиёд майдонда картошка, 14 минг 400 гектарга яқин майдонда сабзавот маҳсулотлари, қарийб 27 минг 700 гектар боғда мева етиштирилди. Бу ҳақда УзА хабар берган.

Фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан 1 миллион 371 минг 700 тонна мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум етиштириш кўзда тутилган. Бу аҳолининг ушбу турдаги маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини тўла қондириш билан бирга, хорижий давлатларга экспорт қилиш имконини ҳам беради. Масалан,675 минг 200 тонна сабзавотнинг 106 минг 740 тоннасини қайта ишлаш ва 39 минг 700 тоннасини экспортга чиқариш режалаштирилган. 

Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 12-14 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида вилоятдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган 52 хўжалик юритувчи субъект 70 дан ортиқ турдаги маҳсулот билан қатнашган. Ўнлаб давлатлар ишбилармонлари билан мева-сабзавот экспорти бўйича умумий қиймати 189,7 миллион долларлик шартномалар тузилган. 

Янгиқўрғон туманидаги “Berry Export Trade”, “Via Lactea”, Наманган шаҳридаги “Afruz-Kamol-Nabi”, Норин туманидаги “Agro Checked” ва Наманган туманидаги “Alfa Expo Invest” сингари қишлоқ хўжалик корхоналари олма, ўрик, узум, хурмо, олхўри, помидор, бодринг, карам, бақлажон, булғор қалампири, пиёз, мош, нўхат, ловия ва бошқа маҳсулотларни етказиб бериш бўйича хорижлик ҳамкорлар билан манфаатли шартномалар имзолади. 

"Президентимизнинг мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш юзасидан қабул қилган қарори фаолиятимиз истиқболини белгилашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Россия ва Қозоғистоннинг бир неча корхона ва савдо уйлари билан умумий қиймати 40 миллион доллардан зиёд шартнома имзолашга эришдик. Ушбу шартномалар асосида 2 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилдик" дейди Наманган туманидаги “Alfa Expo Invest” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жўрабек Зарипов. 

Мева-сабзавот экспортини тижорат банкларининг кредит маблағлари билан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, мева-сабзавотчиликни ривожлантириш ва етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг вилоят филиали кўмаги билан Чуст туманида “Olmos farm text”, Чортоқ туманида “Vodiy ta'mir ta'minot baza”, Наманган туманида “Namangan meva-sabzavot eksport”, Янгиқўрғонда “Quyoshli diyor saxovatlari” ва “Yangikurgan agro invest”, Учқўрғонда “Baraka meva sanoat servis” агрофирмалари ташкил этилиб, мунтазам фаолияти йўлга қўйилди. 

Жорий йилнинг ўтган даврида мазкур банк томонидан сабзавотчилик ва боғдорчилик йўналишларига 10 миллиард сўмга яқин кредит маблағлари ажратилди. Масалан, “Навбаҳор меваси” фермер хўжалиги интенсив боғ ташкил этиш, “Наманган шарбати” қўшма корхонаси мева-сабзавотни қайта ишлаш технологиясини жорий этишда шундай имкониятлардан самарали фойдаланди. 

“Асакабанк” вилоят филиалининг узумчиликни ривожлантириш бўйича ихтисослашган агрофирмалар ташкил этиш лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаши натижасида Чуст туманида “Капитал Агро Импекс”, Янгиқўрғон туманида “Қуёшли юрт узуми”, “Гулшан саховатли маскани”, Чортоқ туманида “Чортоқагроимпекс”, Тўрақўрғон туманида “Соҳибкор”, Косонсой туманида “Косонсой узумзори” агрофирмалари ишга туширилди. Мазкур банк томонидан “Гулшан Шуркент токзорлари”, “Сув узуми” каби узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига 1,6 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди.