Нью-Йорк полицияси шаҳар масжидларидан бирининг имомини ўлдиришда гумон қилинаётган шахсни қўлга олди, деб ёзмоқда New York Post.

Имом Мавлоно Аконжи ва унинг ёрдамчиси Тҳара Уддин 13-август куни кундузи, пешин намозини адо этишгандан сўнг, уйларига қайтаётганда Озон-паркда отиб кетилган эди. Полициянинг маълум қилишича, уларга орқадан туриб бошига ўқ узилган. Жиноят содир этишдан аввал, қотил ва марҳумлар ўртасида мулоқот бўлмаган. 

Хабарларга кўра, полиция ходимлари ғаразгўйни, унинг эски Chevrolet Trailblazer машинасини кузатиш воситасида аниқлашган. Полициянинг тахмин қилишича, қотил 4 йил аввал Бангладешдан Нью-Йоркка кўчиб келган имом билан таниш бўлгани эҳтимол. 

Ҳозирча, 35 ёшли гумондорга айблов эълон қилинмаган.