Рио-де-Жанейродаги Олимпиадада аёллар ўртасида 100 метрга югуриш мусобақасида тарихда биринчи марта Саудия Арабистони вакиласи Кариман Абу Ал-Жадойил ҳам иштирок этди. Спортчи маррага еттинчи бўлиб келди ва финал баҳсига чиқа олмади. Бироқ шунга қарамай, унинг номи тарихга битилди, чунки аввал 100 метрга югуриш баҳсларига араб аёллари қўйилмаган. 

Риодаги мусобақаларга Саудия Арабистонидан 4 нафар спортчи аёл қўйилган. Улар югурувчилар Сора Ал-Аттор ва Кариман Абу Ал-Жадойил, дзюдочи Вужуд Фаҳмий, қиличбоз Лубна Ал-Умайр. Риодаги Олимпиада саудиялик аёл спортчилар иштирок этаётган иккинчи Олимпиададир. Биринчи марта бундай имконият 4 йил аввал Лондон Олимпиадасида тадқим қилинган. Лондонда Саудия Арабистонидан 2 нафар аёл спортчи иштирок этганди.  

Халқаро Олимпия қўмитаси саудиялик аёл спортчиларга махсус таклифнома юборган.

Яқинда Саудия Арабистонида аёллар билан боғлиқ яна бир муҳим воқеа юз берди: биринчи марта аёл киши юқори спорт лавозимига тайинланди. Бундай бахтга малика Рима бинт Бандар Ал-Сауд муяссар бўлди.