«Галатасарой» жамоасининг германиялик ҳужумчиси Лукас Подольски Германия терма жамоасидаги фаолиятини якунлагани тўғрисида маълум қилди.

«Қадрли мухлислар! Янги мавсум олдидан миллий жамоа мураббийига термада ўйнамаслигимни маълум қилганимни айтишни хоҳлайман. Мен ўзимни бошқа ишларга, оиламга бағишлайман. Терма жамоа менинг юрагимда бўлган ва шундай бўлиб қолади, аммо бу ерда менинг даврим тугади», – деб ёзади Подольски ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

31 ёшли футболчи миллий терма жамоа сафида 2004 йилдан буён ўйинларда иштирок этиб келади. У шу вақтгача Германия учун 129 учрашув ўтказиб, 48 гол урган. Подольски Германия терма жамоаси учун ўтказилган ўйинлар сони ва урилган голлари кўплиги бўйича учинчи ўринда жойлашган.

Подольски Германия терма жамоаси билан бир марта жаҳон чемпиони бўлган( ЖЧ-2014), 2 марта мундиалнинг кумуш медалларига эга чиққан (ЖЧ-2006 ва ЖЧ-2010), Европа чемпионатида 1 марта бронза медаль совриндори бўлган (Евро-2012) ва бир марта (Евро-2008) кумуш медални кўксига таққан.

Бундан олдинроқ, Евро-2016 турниридаги муваффақиятсизлик ортидан терма жамоа фахрийларидан яна бири Бастиан Швайнштайгер терма жамоадан кетиши ҳақида эълон қилганди.