Ўзбекистон президентининг 8 августдаги фармони билан Бош прокуратура, Бош прокуратура қошидаги солиқ, валюта жиноятлари ва жиноий даромадларни қонунийлаштиришга қарши кураш департаменти, Ҳарбий прокуратура ва Ҳарбий прокуратура аппаратининг янгиланган ташкилий ва штат тузилмалари тасдиқланди.

Прокуратура органлари (Ҳарбий прокуратурадан ташқари) бошқарув персоналининг умумий сони 3937 кишигача (бунгача 4 754), жумладан Департаментники 1076 кишигача (бунгача 1193) қисқартирилди.

Бош прокуратура тузилмасида янги — Бош прокурор ёрдамчиси лавозими пайдо бўлди, шунингдек, иккита янги бўлинма шакллантирилди.

Солиқ қонунчилигига риоя қилиниши устидан назорат бўйича бўлим тугатилди.

Бош прокуратурадаги терговчи ходимлар сони 199 нафардан 222 нафарга ошган.