Рио-2016 Олимпиадасининг бокс бўйича мусобақалари доирасида 56 килограммгача бўлган спортчилар ўртасида нимчорак финал баҳслари ўтказилди.

Ўзбекистон терма жамоасининг бу вазн тоифасидаги вакили Муроджон Аҳмадалиев биринчи босқичдан озод этилганди. Иккинчи босқичда эса унга қозоғистонлик кучли боксчи Қайрат Ералиев тўқнаш келди.

Ушбу боксчиларнинг ўтган йили Қатарда ўтган ЖЧдаги жангида Аҳмадалиев ғалаба қозонганди. Шу боис, қозоқ боксчиси реванш мақсадида рингга кўтарилганди. 

Икки боксчи ҳам ҳужумкор услубда ҳаракат қилиб, боксчилар кетма-кет зарбаларни қабул қилишга мажбур бўлишди. Дастлабки 2 раунд давомида Аҳмадалиевнинг зарбалари салмоқлироқ ва аниқроқ бўлди. Ералиев икки бўлим сўнгида нокдаунга тушишга ҳам бир бахя қолди. Натижада Аҳмадалиев 2 раунддан кейин амалда жанг тақдирини ҳал қилиб қўйди — 20:18, 20:18, 20:18. 

Учинчи бўлимда Қайрат вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилди. Кўпроқ зарба беришга интилди. У сўнгги раундда устун бўлди, аммо жанг Муроджон Аҳмадалиевнинг ғалабаси билан якунланди — 29:28, 29:28, 29:28.

Ўзбекистонлик боксчи чорак финалда аргентиналик Алберто Мерианга қарши рингга чиқади. Ушбу жанг 16 август куни бўлиб ўтади.