Ботир ичкилик деса ўзини томдан ташлайдиганлар тоифасидан эди. Шу сабабли биринчи турмуш ўртоғи билан ажрашди. Иккинчи турмуш ўртоғи ҳам унинг бу қилиқларига бардош бера олмади. У билан ҳам ажрашди. Момосидан қолган уйда ўзига ўхшаш ароқхўрлар билан йиғилишадиган бўлди. Бу ҳақда «Ҳуқуқ» нашри ёзмоқда.

Бир куни улфатлар Ботир, Бахтиёр ва Исмат ўша уйда йиғилишиб, бир шиша ароқ ичишди. Бу уларга камлик қилди. Шунда улар танишлари Собир аканинг уйига боришга келишиб олишди. Шу мақсадда Қарши шаҳридаги «Каманди» маҳалласига – С.Расуловнинг уйига боришди.

Улар Собир акага хиралик қилиб, уйидан ароқ олиб чиқишларини сўрайди. Уй эгаси уйда ароқ йўқлигини айтади. Улфатлар ундан пул талаб қилишади. Ароқхўрлардан қутулиш мақсадида Собир ака уйидан уларга пул олиб чиқиб беради.

Шу тариқа улар яна Ботирнинг ҳовлисига йиғилишди. Бироз ўтиб Исматни кузатиб қўйишди. Шундан сўнг Ботир ва Бахтиёр дўкондан қарзга ароқ олиб улфатчиликни давом эттиришди. Қаттиқ маст бўлиб қолган Бахтиёр Ботирни буралаб сўкишга тушди. Иккаласи ўртасида тортишув чиқди. Шунда Ботир хонтахта устида турган пичоқни олиб, Бахтиёрнинг кўксига кетма-кет санчади. Шеригининг жони узилади.

Қотилни топиш қийин бўлмади. Судланувчи айбини тан олди. Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди томонидан Ботир Султоновга 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.