АҚШнинг Tesla автомобилсозлик компанияси ўз сайтининг хитойча версиясидан "автопилот" сўзини олиб ташлади, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 

Агентлик маълумотларига кўра, компаниянинг хитойча сайтида Tesla Model S таърифида "автопилот" атамаси ўрнига "ҳайдашдаги автоматик ёрдамчи" (self-assisted driving) деган атама ишлатилмоқда.

Август бошида маълум қилингандек, Хитойда автопилотда кетаётган Tesla автомобили автоҳалокатга учраган. 

Tesla вакилининг маълум қилишича, сайтда атамаларнинг ўзгартирилиши "мунтазам такомиллашувлар" доирасида, жумладан бир тилдан иккинчи тилга таржима билан боғлиқ ҳолда амалга оширилган.   

Бундан ташқари, компанияда таъкидланишича, компания автомобилларидаги автопилот ҳайдовчига ёрдам беришга қаратилган ва ҳайдовчи зиммасидан машинани тўғри ҳайдаш учун жавобгарликни олмайди.  

Май ойида АҚШда Tesla’нинг ярим автоном машинаси иштирокида ўлим билан тугаган биринчи йўл-транспорт ҳодисаси юз берганди.