Россия сўнгги бир неча йиллардан бери ерости қўмондонлик бункерларини барпо этмоқда. Булар, ядро кучларини бошқариш мақсадида амалга оширилмоқда, деб ёзмоқда The Washington Free Beacon АҚШ разведкаси маълумотларига таянган ҳолда. 

Манбаларнинг сўзларига кўра, гап бутун мамлакат бўйлаб қурилаётган «ўнлаб» бункерлар ҳақида бормоқда. 

Нашрнинг тахмин қилишича, бу каби ерости бошқарув пунктлари тармоғи ракета қўшинларида истиқболли бешинчи авлод интеграциялашган автоматик жанговар бошқарув тизимининг жорий этилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. 

Бундан ташқари, нашр МРБнинг 1997-йилдаги ҳисоботини ҳам ёдга олган. Унга кўра, Россия СССР парчаланиб кетганидан кейин ҳам ерости ядро иншоотларини барпо этишни давом эттирган. Хусусан, ўшанда метронинг махфий тармоғи ҳақида сўз борган эди. У, ўша вақтдаги Россия президенти Борис Ельцин қароргоҳини Ракета қўшинларини бошқариш пункти билан боғлаган.