Англия терма жамоаси собиқ футболчиси Дэвид Бекхэм ва унинг рафиқаси Виктория Бекхэм Франция жанубидаги вилласини сотмоқда, деб хабар бермоқда Daily Mail нашри. Жуфтлик виллани 2,4 млн фунт стерлингга сотмоқчи.

Таъкидланишича, Бекхэмлар оиласи бу виллада жуда кам бўлади. Гапларга қараганда, виллада ўз жонига қасд қилган унинг собиқ эгасининг руҳи кезиб юради. Бироқ машҳур жуфтлик виллани Лондон ва Лос-Анжелесда кўпроқ вақт ўтказиш учун сотаётгани эҳтимоли катта.

Виктория Бекхэм виллани 2003 йилда 1,5 млн фунт стерлингга сотиб олган. Баъзи маълумотларга кўра, у 19-асрга тегишли уйни янгилаш учун 5 млн фунт стерлинг сарфлаган. Шу тариқа, уйни сотишдан кўриладиган зарар 4 млн фунт стерлингни ташкил қилади. 

Июлда Дэвид ва Виктория турмуш қурганларининг 17 йиллигини нишонлашганди.