«Азим ака, энди мен қандай яшайман? Агар сизга ёмон гапирган бўлсам, кечиринг! Дилингизни оғритган бўлсам, минг бор узр! Мен сизни бахтли қилолмадим... »
Эндигина суддан чиққан эру хотин бир-бирини қучганича йиғлашарди. Сал нарида эса улар билан бирга келган аёллар ҳам ўзларини йиғидан тўхтата олмай, дастрўмолчалари билан кўз ёшларини беркитишга ҳаракат қилишарди...

Бу манзарани кўриб, менинг ҳам кўзларимга ёш қалқиди.

«Наҳотки энди сизсиз яшасам? Бу кунимдан ўлганим яхши эмасми? Айтинг, энди мен нима қиламан? Сизсиз қандай яшайман?!», дея аёл эрини маҳкам қучганича айтиб-айтиб йиғларди.

Бу ҳолатга ҳеч ким бефарқ қараб ўтмасди. Кимдир уларга ачиниш билан, кимдир лоқайдлик билан назар ташлаб ўтиб кетишарди.

Бошига оппоқ рўмол ташлаб олган онаизор ҳижолат чекканича аёлни эридан ажратиб олишга ҳаракат қиларди.

«Қизим, ахир ўн йил кутдик. Худойим битта тирноққа зор қилди. Энди эрингнинг ҳам йўлини тўсма. Пешонангга ёзилгани бўлади. Юр, кетамиз. Ҳамма бизга қараяпти, болам», дея уни тортқиларди.

Аёл эса эрини янада маҳкамроқ қучди. Онаизорнинг ёнига яна бир аёл келди-да, жаҳл билан уни ўзига тортди: «Бўлдида энди! Намунча кўз ёш қиласан? Тақдирингга нима ёзилган бўлса, шу бўлади. Бу бечора куёвни ҳам қийнаб юбордингку. Қара, ўтган-кетганнинг кўзи бизда. Шарманда қилдингку одамни! Юр, уйга кетамиз, бўлди! », дея уни эридан зўрға ажратиб олиб, судрагудек қилиб олиб кетди.

Шунда ҳам аёл овозининг борича дод солиб, бу айрилиққа чидай олмасдан йиғларди. Аёлни кўчанинг чеккасида кутиб турган машинага ўтқазишди-да, олиб кетишди. Ортидан маъюс бўлиб, кўзида ёш билан эри қараб қолди. Шу пайт эркакнинг ёнига онаси келиб: “Ўғлим, дадил бўл! Хотинидан ажрашган битта сен эмассан! Ким ҳам шундай бўлишини хоҳловди. Агар хотининг шу пайтгача туққанида бу ерларга келиб юрмаган бўлардик. Юр, кетамиз”, дея ўғлининг елкасини сийпалади. Эркак эса юзини девор томонга буриб, елкалари силкинганича йиғлаб юборди.

Бу воқеани анча вақтгача ёдимдан чиқара олмай юрдим. Айниқса, эркак киши йиғласа ёмон бўларкан. Тахминимча ,бу оила ўн йил интиқиб фарзанд кутишган. Аммо болалик бўлишолмаган. Охир-оқибатда ажрашишга мажбур қилишган.

Албатта, бир-бирига кўнгил қўйган, суяниб қолган, ўн йил мобайнида турмушнинг хурсандчилигию ғамига шерик бўлган эру хотиннинг ажрашиши қийин. Эркакку ҳадемай яна уйланиб кетиши мумкин. Бироқ аёл...

Энди бу ожизани биров қистамаса қайта турмушга чиқиши қийин. «Туғмас аёл», деган номни кўтариб юриши мушкул. Бундай аёллар қандай эркаклар билан умр ришталарини боғлаши мумкин?

Аслида фарзандсиз аёл бахтсизми?

Йўқ, деган бўлардим мен. Унинг ҳам бахтли бўлишга ҳақи бор. Яратган уни битта тирноқдан қисган бўлса, бир умр бахтсиз бўлиб қолди, дегани эмас-ку! Ахир унинг тўрт мучаси соғ-ку! Нима учун бахтсиз бўлиши керак!

Бахтни яратиб олиш ҳам инсоннинг қўлида. Бундай аёллар тушкунликка тушмай, иродали бўлиши, ўзининг қандай аёл эканлигини, уйда, ишда, меҳнатда кўрсата олиши даркор.

Қишлоғимизда Ўғилой деган аёл бор. Турмуш ўртоғи Ўлмас ака билан севиб, севилиб турмуш қуришган. Уларни одамлар «узукка кўз қўйгандек бир-бирларига мос тушган», дейишади. Иккаласи ҳам колхоз даласида меҳнат қилишади.

Орадан қанча йиллар ўтса-да, улар фарзандли бўлишмади. Қариндошлар уларни ажратиб юбормоқчи бўлишди. Бироқ улар бунга рози бўлишмади. Чунки улар бир-бирлари учун яралгандек эди. Шунинг учун қайнона-қайнота ҳам, қариндошлар ҳам бу ёшларни ўз ҳолига қўйишди.

Кунларнинг бирида эру хотин маслаҳатлашиб, бир қизалоқни чақалоқлигидан асраб олишди. Унга «Орзумизни рўёбга чиқарсин» дея Орзугул исмини қўйишди. Қизалоқ ўлғая бошлади. Инсон бировга бор меҳрини берса ўзига ўхшаб қолишини ўшанда кўрганман. Қизалоқ ота-онасига жудаям ўхшарди. Билмаганлар бу боланинг ўгайлигига ҳеч шубҳа қилмасди.

Ўғилой опа унча мунча эркакларнинг ишини писанд қилмасди. Хўжаликда бригадир бўлиб ишларди. Турмуш ўртоғи Ўлмас ака ғўзаларни суғорарди.

Ҳар куни тонг саҳарда отнинг дупир-дупирини эшитган заҳотимиз, кўзимизни ишқалаганча кўчага югурардик. Бу Ўғилой опа бўларди. Дала унинг иккинчи уйига айланганди. Биз эса унинг отини кўришга ишқибоз эдик.