Хитой квантли коммуникациялар учун дунёдаги биринчи сунъий йўлдошни муваффақиятли орбитага олиб чиқди, деб хабар қилмоқда South China Morning Post.

Қадимги Хитой файласуфи шарафига номланган "Мо-цзи" қурилмаси "Чанчжэн-2D" ракета ташувчиси ёрдамида орбитага олиб чиқилган. Парвоз Гоби саҳросидаги Цзюцюань космодромидан амалга оширилган. 

Нашрнинг қайд этишича, ушбу парвоздан кўзланган мақсадлардан бири – квантли ахборотни узатиш ҳамда Хитой (Пекин) ва Европа (Вена) ўртасида ҳимояланган алоқани ўрнатишдан иборат. Унинг эътиборли жиҳати шундаки, ғаразгўй хакерлар бу каби алоқани буза олишмайди. 

"Ушбу лойиҳа квантли коммуникацияларни жаҳон миқёсида ҳаётга татбиқ этиш имкониятини исботлаши керак. Бу квантли интернетни ривожлантириш йўлида ташланаётган муҳим қадамдир", - деб изоҳ берган австриялик физик олим Антон Цайлингер.