Хитойда Xiaomi смартфонлари савдоси шу йилнинг иккинчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига таққослаганда 38 фоизга тушиб, 10,5 млн донани ташкил этган. Ўтган йилнинг иккинчи чорагида ушбу компания томонидан сотилган смартфонлар сони 17,1 млн донадан иборат бўлган эди, деб ёзмоқда Bloomberg.

Қайд этилишича, Хитой мобиль телефон бозорининг етакчиси ўз ўрнини бой бериб, тўртинчи ўринга тушиб кетган. Ундан олдинги ўринни Huawei, OPPO ва Vivo маҳсулотлари эгаллаган.

Умуман, Хитой смартфонлар бозори тобора рақобатбардош бўлиб бораяпти. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари сифати ва дизайнини яхшилаб, ушбу соҳадаги жаҳон етакчилари Apple ва Samsung компанияларига жиддий рақобат уйғотмоқда. 

Жорий йил иккинчи чорагида Apple маҳсулотларининг Хитой бозоридаги савдоси 32 фоизга тушиб, бешинчи ўринни эгаллаб турибди. 

Huawei ва OPPO компанияларининг муваффациятини эса технологик устунлик билан изоҳлаш мумкин. Huawei ўз смартфонларини Leica обьективлари билан жиҳозлаган бўлса, OPPO батареяларни тез қувватлаш технологиясини ўзлаштирган.