Руслан рекордни янгилагач, азиз ва қадрдон юрт байроғини кўксига босиб йиғлаганида чидай олмай қолдик. Мижжалар кўз ёшга, аччиқ эмас, балки мадҳиямиз садосидан ҳапқириб, ич-ичингдан келадиган ғурур ёшларига тўлган субҳидам бу...  

Тонгнинг ҳайрлиси мана шундай келади...  Ажойиб кунинг аввалидаёқ жаҳонни нариги бурчагида норғул ўзбек йигити бутун оламни лол қолдириб турган бўлса...

Ҳали, юртим инсонлари Ҳасанбойнинг муваффақиятидан сармаст юрган бир вақтда яна бир атлетимиз кайфиятни самоларга парвоз қилдирди.

Субҳга яқин Руслан иштирокидаги мусобақаларни ойнаи жаҳон орқали олиб беришни бошлаши билан паҳлавонимизни ютишига бўлган ишончни юракдан сеза бошладик.  Чунки, андижонлик йигит жонсиз, лекин қайсар тошни бўйсундириш учун бошқача хотиржамлик билан чиқарди. Рақиблар ҳам чакки эмас экан. Арман, эрон ва қозоқ полвонларининг Нуруддиновга қилган кучли босимини сезмаслигини иложи йўқ эди. Биз эса ёш бўлсада, тажриба ва савия бобида Русланнинг улар орасида ягона эканлигини илк лаҳзалардаёқ билиб бўлгандик. Мен атлетимиздан икки-уч марта телефон орқали интервью олганман. Каминани ҳар сафар ҳайратга солгани ундаги камтарлик эди. Ҳа, бежиз улуғларимиз - “Камтарга камол” демаганлар. 

Мана шундай онда кўзга ёш келиши эса табиий эди.  Қадриятларимизни оламга ёйишни Русландан ўрганиш керакдек... Ҳар бир чиқишидан кейин томошабинга қўли кўксида ўзбекона таъзим ва лутф қиларди, ўғлонимиз. У охирги марта чиқиш қилганида ҳаммаси ҳал бўлган, Руслан чемпион эди.

Асли эркак кишининг кўзига ёш келиши ва ҳапқириб келган йиғини айтиши маъқул эмасдек... Лекин, мен мана шундай юракларни эзиб, Ўзбекистоним ғурури учун бўғзимга бир нарса тиқилганча ҳапқиртирадиган онларни кўп бўлишини ҳоҳлардим.  

Андижонлик шоир дўстимиз Равшан Ҳамроз эрта тонг Русланга атаб шеър битибди:

 

Паҳлавон Маҳмудлар қўллагай мудом,

Ватан шаъни учун ким кўтарса тош.

Бу каби ютуқлар бўлсин бардавом,

Олимпия рекордин ўрнатдинг, юртдош!

 

Ўзбекистон аҳли шоддир ютуқдан,

Бутун жаҳон сенга бериб қўйди тан.

Истиқлол тўйига энг зўр тўёна,

Бўлди ушбу ютуқ яшавор, Руслан!

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон