Америкалик олимлар 2084 йилга келиб глобал исиш дунёнинг кўплаб шаҳарларида ёзги Олимпиадаларни ўтказишни иложсиз қилишини таъкидламоқдалар. 

АҚШнинг Беркли шаҳрида жойлашган Калифорния университетининг бир гуруҳ иқлимшунослари 70 йилдан кейин Шимолий яримшардаги фақатгина 8 та шаҳар (Европа шаҳарларидан ташқари), Шимолий Америкадаги эса 3 та шаҳар Олимпиадаларни қабул қила олиши мумкинлигини аниқлашди. Қолган шаҳарларда ҳаво ҳарорати спортчилар ва томошабинлар учун чидаб бўлмас даражада иссиқ бўлади.    

Олимлар бундай фикрга ҳарорат, намлик, иссиқлик радиацияси ва шамол тезлигини ҳисобга олган ҳолда келдилар. Бунда аҳолиси камида 600 минг кишидан иборат бўлган шаҳарлар қаралди, чунки Халқаро Олимпия қўмитаси талабларига кўра айнан шундай шаҳарларда Олимпиада ўтказилиши мумкин. 

Денгиз сатҳидан 1,5 км баландликда жойлашган йирик шаҳарлар бошқа сабабларга кўра, жумладан ҳаво сийраклиги сабабли қаралмади.

Бу жиҳатларга кўра, Лотин Америкаси ва Африкада 21-асрнинг охиридан бошлаб ёзги Олимпиадаларни ўтказишнинг иложи бўлмайди. Ғарбий Европада у ёки бу тадбирларни бекор қилиш кичик хавфи бўлган 25 та шаҳар қолмоқда.

Қолган дунёда Олимпия ўйинларини ўтказишга яроқли бўлган шаҳарлар рўйхати 8 та шаҳардан иборат бўлиб, булар:  Санкт-Петербург, Красноярск, Рига, Бишкек, Улан-Батор, Сан-Франциско, Калгари ва Ванкувер.

Бироқ агар муросага борилса, яъни ёзги Олимпиада дастуридан муайян спорт турларини чиқариб ташласа ёки улар очиқ осмон остида ўтказилмаса бу рўйхатни кенгайтириш мумкин.