Рио-2016 Олимпиадасининг 75 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги мусобақада ўзбекистонлик Бектемир Мелиқўзиев ҳиндистонлик Викас Кришанга қарши рингга чиқди.

Ўзбекистонлик боксчи рақибига ҳеч қандай имкон қолдирмай, 3:0 ҳисобидаги ғалабага эришди. Якуний натижа — 30:27, 30:26, 30:26.

 

Шу тариқа ўзбекистонлик боксчи ўзи учун камида бронза медалини ҳал қилиб қўйди. 18 август куни бўлиб ўтадиган ярим финалда Бектемир Мелиқўзиев мексикалик Мисаэль Родригезга қарши рингга чиқади.

Бектемир Мелиқўзиев 1/8 финалда австралиялик Дениел Льюисга қарши рингга чиқиб, рақибини уч раундда ҳам мағлуб этишнинг уддасидан чиқа олганди.

Маълумот учун, Бектемир Мелиқўзиев Жаҳон чемпионатининг кумуш медаль совриндори, Осиё чемпиони, ўсмирлар ўртасида Нанкин Олимпиадаси ғолиби ҳисобланади.