Рио-де-Жанейро олимпиадасида иштирок этаётган 69 кг. вазндаги Ўзбекистон вакили Шаҳрам Ғиёсовнинг финалдаги рақиби аниқ бўлди. 

У олтин медаль учун қозоғистонлик Данияр Елеуссиновга қарши жанг олиб боради. Қозоғистон вакили ярим финалда франциялик Сулаймон Диоп Сиссокони мағлуб этди. Иккинчи раундда боксчилар бош билан тўқнашиб кетиши оқибатида Дониёрнинг юзи ёрилди. Шифокор жангни тўхтатиш ҳақида қарор чиқарди. Икки раунд натижаларига кўра Елеуссинов ғолиб деб топилди — 20:18, 20:18, 20:18. 

Олтин медаль учун жанг 17 август куни бўлиб ўтади.

Шаҳрам Ғиёсов ярим финалда марокашлик спортчи, амалдаги жаҳон чемпиони бўлмиш Муҳаммад Рабийни енгганди.