Рио-2016 Олимпиадасининг 64 килограммгача бўлган тоифасида чорак финал доирасида Ўзбекистон вакили Фазлиддин Ғоибназаров америкалик Гарри Расселга қарши чиқди.

Биринчи ва иккинчи раундларда рақибига қараганда фаолроқ бўлган Ғоибназаров ҳакамларнинг юқори баҳоларига эга бўлди ва учинчи раундни хотиржамлик билан ўтказиб, ғалабага эришди 2:1 (29-28, 29-28, 28-29).

Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоасининг яна бир вакили ярим финалга йўл олди ва медални нақд қилди. Бу билан барча ўзбекистонликларни, шу жумладан Фазлиддинни 16 йилдан буён шуғуллантириб келадиган, айни вақтда унинг иштирокини Ўзбекистонда туриб кузатаётган Аброр Турсунпўлатовни табриклаймиз.

Фазлиддин 1/16 финалда конголик Малонга Дзаламоуни, 1/8 финалда эса ҳиндистонлик Манож Кумарни мағлуб этишга муваффақ бўлганди.

Унинг навбатдаги рақиби россиялик Виталий Дунайцев бўлади. Бу боксчи чорак финалда хитойлик Ху Хианхун тўсиғидан ўтди.

Ярим финал жанги 18 август кунига белгиланган.