Россия мудофаа вазирлиги Ту-22М3 ва Су-34 жанговар самолётларининг Эронда жойлашганини тасдиқлади. Бу ҳақда, вазирлик матбуот хабарномасида сўз юритилган. 

Қайд этилишича, Россия самолётлари Эроннинг Ҳамадон аэродромидан парвоз қилиб, ИШИДнинг Суриядаги марраларига зарба беришга ҳам улгурган. 

«2016-йил 16-август куни Ту-22М3 бомбардимончи ва Су-34 фронт бомбардимончи самолётлари тўлиқ қуролланган ҳолда Эрон Ислом Республикасидаги Ҳамадон авиабазасини тарк этиб, ИШИД ва «Жабҳат ан-Нусра» террорчилик ташкилотларининг Ҳалаб, Дайр-аз-Зоб ҳамда Идлиб вилоятларидаги ҳудудларига ҳаво зарбалари берди», — дейилади вазирлик хабарида. 

Таъкидланишича, ракета зарбалари қурол-аслаҳалар, ўқ-дорилар ва ёқилғи-мойлаш омборхоналарига берилган. Бундан ташқари, Серакаб, Ал-Баб, Ҳалаб ва Дайр-аз-Зордаги жангарилар тайёрлаш лагерлари ҳам нишонга олинган.

Аввалроқ, Ҳамадон авиабазасига Россия ҳарбий космик кучлари самолётлари етиб келгани хабар қилинган эди.