XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг бронза медалини қўлга киритган Рустам Тўлагановнинг хонадонида байрамона кайфият. Қавму қариндошлар, қўшнилар, маҳалладошлар Рустамнинг ютуғи билан қутлаш учун Тўлқин ака ва Санам опанинг уйига йиғилган. Фарзандининг ғалабасидан ота-онанинг қувончи чексиз. 

– Ўғлим Ватан ишончини оқлаб, кўксимни тоғдек кўтарди. У медални қўлга киритганини кўрганимда юрагим ҳаприқиб кетди. Рустамнинг ютуғи давлатимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрамига тўёна бўлди, – дейди Рустамнинг отаси Тўлқин Нурмуҳамедов. – Бразилияга кетар олдидан у “Мен Олимпиададан, албатта, медаль билан қайтаман”, деб ваъда берган эди. Фарзандим сўзининг устидан чиқиб, нуфузли мусобақада шоҳсупага кўтарилди ва халқимиз, Президентимиз ишончини оқлади. 

XXXI ёзги Олимпия ўйинларида вазни 91 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги ярим финалгача ўтказилган жангларда Рустам Тўлаганов эквадорлик Хулио Цезар Кастилло ва озарбайжонлик Абдулқодир Абдуллаевни енгиб, терма жамоамиз ҳисобига бронза медални келтирди. 

Рустам Тўлаганов – мустақиллик тенгдоши. Рустам қўлга киритган ғалаба халқимизга улкан қувонч, ғурур бағишлади. У 10 ёшида тажрибали мураббий Абдували Мурзаевдан бокс сирларини ўргана бошлади. Мактаб ва коллежни тамомлаб, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтига ўқишга кирди, назарий ва амалий билимларини янада оширди. 

– Рустамнинг илк машғулотга келган куни ҳеч ёдимдан чиқмайди, – дейди Абдували ака. – Унда дастлабки кунларданоқ ўзига хос ҳаракатчанлик, ғалабага бўлган интилиш, боксчиларга хос чидам ва сабрни сезганман. У қийин бўлса-да, ҳар бир машқни тўла ўзлаштириб, уни бехато бажармагунча тиниб-тинчимайди. 

– Ўғлим рингга кўтарилганида мени кучли ҳаяжон босади. Онаман-да, боламнинг жангини кўраман, дейману ҳеч у томон қарай олмайман. Бироқ ғалабага эришганида қалбим қувончга тўлади, – дейди Санам опа. – Олимпиада медалини қўлга киритганида шу азиз Ватанда яшаб, фарзандларимиз бахту камолини кўраётганимиздан яна бир бор қувондим, қалбим чексиз фахр-ифтихор туйғуси билан тўлиб-тошди.