ОАВ: Саудия Арабистони ҳарбий самолётлари Ямандаги "Чегара билмас шифокорлар" шифохонасига зарба берди

Жаҳон 16 Август 2016 5949

Яман шимолида Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари томонидан берилган авиазарба оқибатида тинч аҳолининг 7 нафар вакили ҳалок бўлди, яна 13 киши яраланган. 

Яманнинг SABA ахборот агентлиги бу хабарни тасдиқлади. Ҳожжа вилояти соғлиқни сақлаш департаменти раҳбари Аймон Мазкурнинг маълум қилишича, "тез тиббий ёрдам машиналари ҳалок бўлганларнинг жасадларини олиб чиқиш ва яраланганларга ёрдам кўрсатиш учун зарбага учраган шифохона ёнига кела олмаганлар, чунки Саудия Арабистони самолётлари паст баландликда ҳудуд бўйлаб учишни давом эттирган". Шифокорнинг айтишича, зарба бевосита тиббиёт муассасига берилган. Агентлик маълумотларига кўра, шифохона "Чегара билмас шифокорлар" ташкилоти тасарруфида бўлган.     

Ташкилот ўзининг твиттердаги саҳифасида зарбалар берилганини тасдиқлади. 

"Яманда шифохонага зарбалар берилган, биз шифохонанинг тиббий ходимлари ва беморларга зарур ёрдамни кўрсатиш учун юзага келган вазиятни ўрганмоқдамиз", дейилган хабарда.  

Шифохона ҳукуматга қарши бош кўтарган исёнчилар назорати остидаги Ҳожжа вилоятида жойлашган бўлган. Маълум қилинишича, "Чегара билмас шифокорлар" ходимлари бу шифохонада 2015 йилдан ишлай бошлашган.

Кўпроқ янгиликлар