Бугунга кунда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоялашнинг ишончли кафолатини яратишга қаратилган ислоҳотлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Натижада судларнинг ваколати изчил кенгайтирилиб, одил судловни амалга оширишда уларнинг холислиги ва мустақиллиги кафолати мустаҳкамланмоқда.

Зотан, умумюрисдикция судларида жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида амалга оширилган ишларнинг таҳлили билан боғлиқ қуйи¬даги далил ва рақамлар, фикримизга ёрқин далил бўла олади.

Авваламбор, судлар томонидан ҳисобот даврида мамлакатимизда қонун устуворлиги, ижтимоий адолат, фуқароларнинг тинчлигини таъминлаш, одил судловнинг сифат ва самарадорлигини оширишга, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида қа¬бул қилинган қонунларни амалга самарали татбиқ этишга қаратилган муайян ишлар амалга оширилди.
Шу ўринда рақамларга тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган олти ойида фуқаролик ишлари бўйича республика судларининг иш юритувига 167 мингдан ортиқ фуқаролик иши келиб тушган бўлиб, бу кўр¬саткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,4 фоизга ортган.

Шундан 139 мингдан ортиқ фуқаролик иши судлар томонидан кўриб чиқилган. Кўриб тамомланган ишлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 минг 480 тага ёки 7,3 фоиз кўп демакдир.

Албатта, бу кўрсаткичлар халқимизнинг ҳуқуқий онги юксалаётгани, бузилган ҳуқуқ ва манфаатларни суд тартибида тиклаш кўникмаси мустаҳкамланиб бораётганлигидан далолат беради. Қолаверса, бу рақамлар фуқароларнинг судларга нисбатан ишончи ортиб бораётганининг ўзига хос ифодаси ҳамдир.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳисобот даврида, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан, турар-жойдан кўчиришга доир ишлар — 20,2 фоиз, мулкни рўйхатдан чиқаришга доир ишлар — 15,7 фоиз, битимлар билан боғлиқ низоларга доир ишлар — 12,9 фоиз ўсган бўлса, меҳнат вазифасини бажаришда ходимлар томонидан келтирилган мулкий зарарни ундириш билан боғлиқ ишлар — 42,8 фоиз, иш ҳақини ундириш билан боғлиқ ишлар — 33,1 фоиз, бола таъминоти учун алимент ундириш билан боғлиқ ишлар — 28,0 фоизга камайган.

Шуни ҳам айтиш жоизки, 2015 йилнинг биринчи ярим йилида тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши билан боғлиқ 93 та иш кўрилган бўлса, 2016 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 48 тани ташкил қилган. Демак, ўтган даврда бундай тоифадаги ишлар сони 45 тага ёки 51,6 фоизга камайган.
Бу, ўз навбатида, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, бу йўлда ғов бўлиб турган барча тў¬сиқ ва чекловларни бартараф этишга қаратилган ишлар самарасидир.

Шу даврда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 29 мингдан ортиқ жиноят иши кўриб чиқилган.

Маълумки, ҳар қандай жиноят кишилар ҳаёти ва соғлиғига, жамият ва давлат манфаатига жиддий хавф солади.

Шу боисдан ҳам жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишга доир ишлар кўламини кенгайтириш, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш зарур.

Эътиборли жиҳати шундаки, ўтган даврда ўғирлик, безорилик, гиёҳвандлик ва ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятлар бўйича судланганлик сезиларли даражада камайган.

Демак, бундай тоифадаги жиноятларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Шуни ҳам айтиш жоизки, ҳисобот даврида вояга етмаган шахсларнинг судланганлиги ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 150 нафарга ёки 26 фоизга камайган. Демак, бу амалга оширилаётган ҳуқуқий тарғибот ишларининг амалдаги натижасидир.

Суд амалиётида ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида ҳисобот даврида 6,9 минг нафардан зиёд шахс, ушбу институт амалга киритилгандан буён 184 минг 426 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинди. Дарҳақиқат, ушбу институтнинг самарадорлиги ҳамда халқимизнинг бағрикенглик ва кечиримлилик каби кўп асрлик анъаналарига уйғунлиги унинг изчиллик билан кенгайиб боришига асос бўлмоқда.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, хусусий мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда суд органлари ролини ошириш, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг тадбиркорлик субъектларининг хўжалик ва молиявий фаолиятига ноқонуний аралашуви учун жавобгарлигини кучайтириш биринчи даражали аҳамиятга эга бўлиши лозим.
Мазкур йўналишда ҳам жиноят ишлари бўйича судлар томонидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. Таҳлилларга кўра, ҳисобот даврида умумий юрисдикция судлари томонидан тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ва қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ ҳамда хўжалик юритувчи субъект¬ларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилиш каби ҳаракатлар учун бир қанча жиноий ва маъмурий ишлар кў¬риб чиқилган. Натижада 97 нафар шахсга нисбатан жиноий ва 639 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланилган.
Ҳеч шубҳасиз, судлар фаолиятини тизимли таҳлил қилиб бориш йўл қўйилган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ва келгусида уларни такрорламаслик юзасидан зарурий чораларни кўриш, энг муҳими, одил судлов самарадорлигини янада ошириш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, суд-ҳу¬қуқ соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатлари тўла таъминланмоқда. Зе¬ро, ушбу ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — шу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир инсоннинг эзгу орзуларини рўёбга чиқариш, пировардида инсонпарварлик тамойилларига асосланган демократик жамиятни барпо этишдан иборатдир.

Азиз Обидов, Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот котиби