Google Fiber юқори тезликдаги интернет провайдерини ривожлантириш суръатлари компания кутганидан секинроқ амалга ошмоқда. Шунга кўра, Alphabet холдинги (Google компанияси ҳам унинг таркибига киради) лойиҳани қайта ташкил этади, деб ёзмоқда The Wall Street Journal.

Google Fiber 2010-йили ишга туширилган эди. Вақт ўтиши билан IT-корпорацияси раҳбарияти, ушбу соҳа анча қиммат ва кўп меҳнат талаб қиладиган бизнес эканини тушуниб етган. 

Google провайдерни ишга тушириш учун юз миллионлаб доллар маблағни сарфлади. Ташкил этилган янги тармоқ, Америка провайдерларининг ҳозирги интернет тезлигидан 30 марта тезроқ уланишни тақдим этиши лозим эди. 

Бироқ, Alphabet раҳбарияти Сан-Хосе ва Портлендда ушбу тизимга уланишни кечиктиришга қарор қилишган. Бундан ташқари, Лос-Анжелес, Даллас ва Чикаго шаҳарларидаги тизимлар фаолияти ҳам қайта кўриб чиқилади. 

Пало-Альто шаҳри техник департаменти раҳбари Жонатан Рейхенталнинг сўзига кўра, Google Fiber провайдерининг шаҳар ва атрофида ишга тушириш муддати олти ойга кечиктирилган.