Дубайда 2018 йилда ўз тропик ўрмонига эга дунёдаги биринчи меҳмонхона очилиши режалаштирилмоқда, деб ёзмоқда The Independent.

Архитекторларнинг режаларига кўра, ҳар бири 47 қаватлик иккита эгизак минора қурилади. Меҳмонхонанинг умумий майдони 185 минг квадрат метрни ташкил қилади. 

Таъкидланишича, меҳмонхонадаги тропик ўрмон миноралар остида 7 минг квадрат метр майдонда жойлашади, унинг баландлиги эса 5 қаватга тенг бўлади. Ўрмонда тропик иқлимни акс эттирувчи шаршаралар, сойлар, сенсорли ёмғир тизими бўлади. Бундан ташқари, меҳмонлар ўрмон ҳудудидаги Юра даври услубидаги сув ҳавзаси ва қумли пляжда ҳордиқ чиқаришлари мумкин бўлади.

Бундан ташқари, минораларнинг ҳар бирининг 25-қаватида шаффоф тубга эга осма сув ҳавзалари қуриш режалаштирилмоқда. Дам олувчилар шаффоф туб орқали Дубай манзараларини томоша қилишлари мумкин бўлади.