TheGuardian.com’нинг маълум қилишича, Халқаро ҳаваскорлик бокс уюшмаси (AIBA) Риодаги Олимпиадада бокс жанглари бўйича ҳакамлар томонидан чиқарилган бир қатор қарорларни қайта кўриб чиқди. 

"Ҳаммаси бўлиб 239 та жанг бўлди, улардан баъзиларида ҳакамлик савияси тегишли даражадан паст бўлган. Шу жангларда ишлаган ҳакамлар четлатилди ва Олимпиадада бошқа ҳакамлик қилмайдилар", дейилмоқда AIBA баёнотида.

Шу билан бирга уюшма интизомий чоралар қўлланган ҳакамлар фамилиясини келтирмаган.

Олимпиададаги бокс мусобақаларида охирги кунларда иккита можаро чиқиб, иккаласи ҳам россиялик боксчилар фойдасига ҳал қилинган. Биринчи ҳолатда ҳакамлар финал жангида ғалабани қозоғистонлик Василий Левитга бермай, россиялик Евгений Тишенкога берганлар. Иккинчи ҳолатда Владимир Никитин ирландиялик Майкл Конландан кучлироқ деб тан олинган.