Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатида жангарилар Ҳиндистон армияси ҳарбий карвонига ҳужум қилиши оқибатида 2 нафар ҳарбий хизматчи ва полициячи ҳалок бўлган, деб хабар қилмоқда маҳаллий полиция идораси. 

Ҳодиса ярим тунда Барамулла туманида содир бўлган. Жангарилар карвонга пистирмадан ҳужум қилган. PTI агентлиги хабарига кўра, қурбонлардан ташқари яна икки ҳарбий яраланган. 

Қайд этилишича, жангарилар воқеа жойини тарк этишган, хавфсизлик кучлари уларни қидирмоқда. 

Хабарларга кўра, ушбу воқеа жангариларнинг мазкур штат хавфсизлик кучларига уюштираётган иккинчи хуружидир. 15-август душанба куни, мамлакатнинг мустақиллик кунида жангарилар Шринагар шаҳри чеккасида полициячиларга ҳужум қилиши оқибатида тўққиз киши яраланган, бир полициячи ҳалок бўлганди. Шу куни ҳуқуқ посбонлари 7 нафар жангарини ер тишлатганди.