АҚШнинг фазовий агентлиги НАСА инсонларга Марс сайёрасини ўзлаштиришда ёрдам берувчи роботни яратиш бўйича танлов бошланганини эълон қилди. Бундан ташқари, у Ердаги хавфли шароитларда фойдаланиш мумкин. Танловнинг мукофот жамғармаси 1 млн долларни ташкил этади. 

"Алоқа узилишлари шароитида аниқ ишлай оладиган ва бошқаришга қулай робот техникаси фазовий парвоз ҳамда Марс юзасидаги миссияларда қўл келади. Шунга кўра, ундан фазогирларимиз учун ўта муҳим бўлган ҳар қандай хавфли ҳудудларда фойдаланиш мумкин бўлсин", — деган НАСА вакили Монси Роман.

Дастурчилар мусобақаси онлайн тарзда бўлиб ўтади. Ҳар бир жамоадан  "Марс қум бўрони"га қарши курашиш талаб этилади : робот Ер билан алоқа ўрнатиши, тураржойда пайдо бўлган тешикни ямаши ёки қуёш батареясини тузатиши лозим. 

Таъкидланишича, дастурчилар робот ишлаб чиқишлари шарт эмас. НАСА уларнинг олдига қўйилган вазифани виртуал Робонавт 5 (Robonaut 5 (R5) негизида бажаришни таклиф этади. Роботнинг эластиклиги, унга узоқ сайёраларнинг паст ҳароратлари ва ғадир-будур сатҳида ишлаш имконини беради. 

Танловда иштирок этувчиларни рўйхатга олиш жараёни 16-августдан бошланган. Сентябрь ойи ўртасидан ноябрь ойи ўртасигача танловнинг биринчи босқичи бўлиб ўтади. Унинг ғолиблари декабрь ойида эълон қилинади. Танловнинг финал босқичи 2017-йил июнида бўлиб ўтади.