Рио-2016. Оғир атлетика. «В» гуруҳи. Жангабаев — 1, Дўсмуродов 3-ўринни эгаллади

Спорт 17 Август 2016 18969

Оғир атлетиканинг эркаклар ўртасидаги энг оғир вазн тоифасида (+105 кг) "В" ва "А" гуруҳларида спортчилар ўз иштирокларини ўтказишди. "В" гуруҳида икки нафар ўзбекистонлик спортчи муваффақиятли иштирок этди. 

Жумладан, Рустам Жангабаев даст кўтаришда 195 кг, силтаб кўтаришда 237 кг. тошни ўзига бўйсундириб, жами 432 кг. натижа билан 1-ўринни эгаллади. 

Сардорбек Дўсмуродовнинг умумий натижаси 411 килони ташкил қилди. У "даст кўтариш"да 179, "силтаб кўтариш"да 232 кило штангани кўтарди ва гуруҳ вакиллари орасида 3-ўринни банд этди.

Иккинчи ўринни венгриялик Петр Наги эгаллади. У 193+227 кўринишидаги натижа орқали умумий ҳисобда 420 кг натижани қайд этди. 

"А" гуруҳи вакиллари баҳсида грузиялик Лаша Талахадзе энг яхши натижани қайд этиб (215+258=473), олтин медалга эга чиқди. Шу билан бирга у янги рекордни қайд этди. Бундан олдинги рекорд 2000 йилги Сидней Олимпиадасида эронлик Ҳусайн Ризозода томонидан ўрнатилганди (472 кг).

Иккинчи ўринни арманистонлик Гор Минасян эгаллади - 451 (210+241), бронза медаль бошқа бир грузиялик Ираклий Турманидзега насиб этди 448 (204+241).

Икки гуруҳ натижаларига кўра, Рустам Жангбоев ўнинчи, Сардорбек Дўстмуротов ўн биринчи бўлди.

Кўпроқ янгиликлар