Ҳаётда инсон интиқиб кутадиган лаҳзалар, муддатлар ва ёки саналар бўлади. Чунки айнан мана шу вақтларда унинг ҳаётида катта ўзгариш бўлиши мумкин бўлган воқеалар яшириниб ётади. Хоҳ у яхшиликка бўлсин, хоҳ ёмонликка одам боласи барибир ўша муддатни кутиб яшайди. Айниқса, абитуриентлар...

Сарлавҳадан ва мақоламизнинг кириш қисмидан гап мавзуси айнан нима ҳақида кетиши кундек равшанлашди. Олди-қочди, айлантирма гапларга изоҳ йўқ. Фақат айни дамда учраётган манзараларга бироз назар солишга изн бергайсиз.

Маълумки, Ўзбекистон олий ўқув юртларига ҳужжат топширган абитурентлар 1 август куни анъанавий тарзда давлат имтиҳонларидан ўтишади. Сўнгра “оммавий гап”ни эшитишади – “Жавоблар 10 кундан кейин эълон қилинади”. Лекин ҳар йили мана шу “10 кун” номаълум муддатларга чўзилади.

Натижада:

1. Чекка вилоятдан жавобни эшитиш учун пойтахтга келганларнинг “тарвузи қўлтиғидан тушади”. Шу кундан эътиборан “расход”лар бошланади.
2. СМС-хабарнома дейсизми? Олий ўқув юрти биноси олдида чиқариб қўйилган рўйхатда ўз ДТМ рақамини қайта-қайта текширадиган абитуриентнинг замонавий бундай усуллардан фойдаланиши даргумон. (Шахсан ўзим жавоби СМС орқали келган қариндош абитуриентларнинг ўқишга кирган-кирмаганини айнан мана шундай эълонлардан текширганман).
3. Энг асосийи, нега жавоблар эълон қилиниши бунчалик тарозига солинади, деган савол очиқ қолади.

Бунда нима сир ётади, бу инсон ақли англай олмайдиган ҳолатми ёки биз билмаган бошқа гаплар борми?

Мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами олдидан дийдиё қилишни истамаган эдим, бўлмади. Барака топкур, амалдор, илтимос, ёдингиздан чиқарманг, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси ИНСОН манфаати учун. Инсон шахсияти барча нарсадан устун!

Абитуриентларга эса боболарим ўгитидан бир чимдим эслатма қилмоқчиман: “Сабрнинг таги сариқ олтин”.

Сарвар Анвар ўғли