Ўқитувчи ён дафтаридан: Миллий ғоя фанини ўқитишда янгича ёндашув

Жамият 17 Август 2016 9905

Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети ўқитувчиси Беҳзод Қобулов ўз блогида Миллий ғоя самарадорлигини ошириш йўлида фанни ўқитишдаги ўз тажрибасини баён қилган.

Қуйида пост ўзгартиришларсиз қайта нашр этилган.

Мен таълим ундай бўлиши керак, бундай бўлиши керак деган даққиёна хоҳиш-истакларни, вайсашларни хуш кўрмайман. Худди бахтли бўлишнинг муайян рецепти бўлмагани каби, таълим жараёнида ҳам қатъий, ўзгармас қоидалар йўқ, деб ҳисоблайман. “Ихлос билан боққил китоб юзига”, дейди буюк шоир Махтумқули Фироғий. Ихлос билан билим олмоқчи бўлган талабгорга ҳамиша имкон, шароит топилган ва топилади. Бу йўлга кирганнинг шарт-шароит талаб қилиши ҳам, аслида недир маҳдудликдан, фикри торликдан дарак.

Аммо масаланинг бошқа томони – таълимни ташкил қилишга доир қисми ростдан ҳам ўйловга муҳтож. Таълимни ташкил қилишда давлатнинг роли, услубий ёрдами, раҳбарлик қилиши, кенгроқ қараганда, бир қадар нисбий ҳолатдир. Чунки, барибир бу жараёнда ўша умумий кўрсатмалар, методологик тавсиялар асосида фан ўқитувчиси эркин, мустақил фаолият юритаверади. Мана шу нуқтада ноқислик бўлиши мумкин. Соҳасини тушуниб-тушунмай ишлаётган ўқитувчилар, муомала лаёқати чатоқ мураббийлар, назарий билими суст педагогларнинг ҳам мавжудлиги, давлатнинг инон-ихтиёридан ташқарида, ундайлар айланиб-ўргилиб сермоя жойларга ўрнашиб олаверадилар. Улар ҳар гал аттецтация ва текширувлардан мулойимлик билан ўтишлари, неча йиллик педагогик стажга эга бўлишлари мумкин, аммо ақалли битта ўқувчи ёки талабанинг қалбига ёруғ хаёлларга ошинолик ҳиссини юқтира олмасалар керак.
Гап замонавий таълим ҳақида кетар экан, умумий гап-сўзлардан тийилиб, аниқ манзилли мулоҳазаларимни баён қилмоқчиман.

Айни пайтда ўриндошлик асосида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида фаолият кўрсатаман. Бу масканда тўртинчи босқич талабаларига “Миллий ғоя: асосий тушунча ва тамойиллар” фанидан амалий машғулот (семинар) ўтаяпман. Асосий касбим журналист, фалсафа бўйича аспирантурада ўқиганман. Демак, ҳар икки соҳани омихта қилиб, талабалар билан реал мулоқот қилиш имконим бор. Жами ўнта гуруҳда 250 га яқин талабалар билан (Учинчи инглиз тили ва роман-герман факультети талабалари) бевосита ишлайман, фикрлашаман. Ҳа, айнан фикрлашаман...

Илк марта дарсга кирганимда, талабаларнинг юзида алланечук беписандлик, истеҳзо ҳиссини кўргандай бўлдим. Гап шундаки, фикримча, аслида битирувчи курс талабаларига миллий ғоядан дарс ўтиш мутлақо нотўғри. Бу вақтда талабанинг фикрати миллат ғоясини қабул қиларли даражада сокин, ўзлаштиришга мойил кайфиятда бўлмайди. Аммо дастурга киритилган экан, на илож? Маош керакми, дарсингни ўт, мулла Беҳзод! Салом-аликдан кейин уларга битта нарсани, яъни дарс давомида “Миллий ғоя” деган сўзни ишлатишни таъқиқладим. Мана шу сўзимнинг ўзиёқ, маълум даражада, талабаларда ўқитувчи шахсига қизиқиш уйғотди. Чунки, мен бу талабалар ҳақида баъзи тафсилотларни билардим, чамалаб кўрган эдим. Келинг, дастлаб мавжуд манзарага назар ташлайлик.

Биринчидан, улар, яъни менга термулиб турган талабалар оптимистик руҳда тарбия топган, ўзини гўё ўта замонавий ҳисоблайдиган, тил билгич ўзимизнинг қоракўзлар. Одатий сўроқ-саволлар билан аудиторияни тинч ушлаб туриш, дейлик, баҳо қўйиб бермасликни, имтиҳонда қийнашни пешкаш қилиб вақтни ўтказиш мумкиндир. Лекин бу менга тўғри келмайди. Барча ишни виждонан бажариш керак. Чунки, дарс миллатга дохил. Бу хурпайган, ўзибилармон талабаларнинг катта ҳаётга йўл олишидан аввалги, энг сўнгги даволаш, профилактика ишларини олиб бораман, шундай шараф менга юклатилди, деган гапни ўйлаб топдим-да, шу тариқа ўз фанимга, шахсимга ички ишончимни мустаҳкамлаб олдим.

Иккинчидан, куни кеча амалиётдан қайтган талабаларга аудитория торлик қилади. Уларнинг ўзаро йиғинди гаплари ҳам тўпланиб қолгани сезилиб турибди (телефонлар, партага энгашганча пичир-пичирлар...). Ўзим ҳам кечаги талабаман. Бундай вазиятни яхши тушунаман. Яшириб нима қилдим, биз ҳам шундай қилганмиз... Хуллас, бу вазиятда улардан семинарга тайёргарлик кўрган-кўрмаганини сўраб-суриштиришим бефойда. Бу ишим расмий кўрсатмаларга мувофиқ келса-да, ҳаётий жараёнга мос эмас, ёш дўстларим барибир ҳеч нима ўқиб келмаганлар. Энг асосий муаммо – жуда кўпчилик қатори улар ҳам миллий ғоя ҳақида махсус тайёргарликсиз гапиравериш, муҳокама юритиш мумкин деб ўйлайдилар. Сезиб турибман – бу вазиятда очиқ-ойдин фикрий баҳсга киришиш менинг оламшумул мағлубиятим билан тугайди. Демак, бошқача йўл тутиш лозим.

Учинчидан, бундан ташқари иккита ташкилотда ишлайман, яна денг, ўша ишхоналарда ҳам дублёр эмас, асосий рол ижрочиси бўлишга интиламан. Хуллас, даставвал семинар машғулоти деганда бамайлихотир эшитиб ўтиришни, ваъзхонликдан ҳоли жараённи орзу қилгандим. Аммо реаллик бошқача бўлиб чиқди. Олий таълимнинг кўзга кўринмас баъзи ташкилий муаммолари туфайли семинар машғулотларини маърузадан аввал бошлашимга тўғри келди. Хуллас, талабаларда ҳам, менда ҳам дарсни шунчаки расмиятчилик учун ўтказишга баҳона сероб эди...

Тўртинчидан, рост айтганда, бизда умумий мақсадлар йўқ эди. Улар тезроқ вақт ўтишини хоҳлашар, мен эса талабаларда имкон қадар фанга, миллий ғояга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантиришни ўйлардим, холос.

Бешинчидан, қўлимдаги ўқув қўлланма, услубий тавсиялар, ишчи-ўқув дастурга таянсам, талабаларни ғоя, мафкура, маданият каби сўзлар тавталогиясидан “баҳра” олишга маҳкум этаман. Бу билан ҳеч бир натижага эришиб бўлмайди. Мен бу адабиётларни қунт билан ўқиб чиққан эдим. Шундай экан, уларни асос сифатида кўриб, вазиятга мослаб талқин қилишни мўлжалладим.

Олтинчидан, ростини айтганда, талабаларда миллий ғоя тушунчасига нисбатан ҳурмат-эҳтиром ҳисси юзаки ва энсақотар шаклда бўлиб, бунинг учун уларни айбдор қилиш жудаям тўғри эмас. Улар бу мавзудаги силлиқ маърузаларни бисёр эшитишган, “оммавий маданият” номли ялмоғизнинг жорий ҳаётимизга жуда чатоқ таъсири ҳақидаги қўрқинчли гаплар ёмғиридан зерикишган, тарбиявий соат мазмунидаги турли маданий тадбирларга мажбурий сафарбарлик мобайнида ўзларини уйқудан аранг тийиб туришган, “ғоя – инсон тафакурида вужудга келадиган...” дея бошланадиган зерикарли маърузаларни қаерлардадир, маълум-номаълум сабабларга кўра кўп ва хўп тинглашган... Шунга қарамай, мен бу талабаларни жабрдийда, руҳан эзилганлар дея олмайман. Фақат қандайдир механизм аниқ ишламаган, шу сабабга кўра, улар ўзлари истамаган кампанияларга жалб этилган, холос. Аслида бундай тадбирлар, гап-сўзлар ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ айтилиши керак. Аммо бирон дорини меъёридан ортиқ истеъмол қилиш кишини муқаррар ўлимга олиб боришини ҳам асло унутмаслигимиз керак. Менинг олдимда турган миссия шуки, қандай бўлмасин уларда ватанимиз келажагининг дастуриламали бўлмиш миллий ғояга ишонч-садоқат туйғусини, айнан туйғусини шакллантиришим лозим.

Хуллас, шунақа гаплар. Илк семинар соатининг мавзуси “Миллий ғоя фанининг предмети, мақсади, вазифалари. Огоҳлик туйғуси” эди. Демак, бундай эътибор берилиши лозим бўлган асосий нуқта – огоҳлик.

Бояги гапни давом эттириб айтсам, салом-аликдан кейин улардан “миллий ғоя” деган сўзни ўзаро суҳбатимизда, дарс давомида ишлатмасликни талаб қилдим. Ҳамма ҳайрон. Бир муддат сукут сақлаб, уларнинг кўзига тикка қарадим. Психологияга доир қизиқишларимдан маълумки, одамнинг қалбига чўғ ташлашдан аввал диққатини жамлашга мажбур қила олиш керак. Бунда кўзлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Кўзингизга тик қараб, рост сўзлаётган одамга боқсангиз, у қандайдир қудрат соҳибидек тассурот қолдиради. Аудиторияга синовчан тикилиб, тахминан беш-олти секунд сукут сақлаб турдим. Агар кимдир шу пайтда “Нега?” деган саволни берса, иш тамом, тактика фойда бермаган, курашчилар ибораси билан айтганда, усул мувафаққиятли бажарилмаган ҳисобланади. Ҳайрият. Ҳеч ким савол бермади. Демак, мен тўғри бажараяпман. Кейин сокин, бир текисда сўзлашни бошладим. Мен бу сўзларни ўттиз-қирқ марта хаёлимда қайтариб, то талабалар билан юзлашгунимча, эҳтимоллик назариясининг тубига етганча, барча кутилган ва кутилмаган ҳолатларни ҳисоблаб чиққан эдим.
Сезиб турганингиздек, бу кириш нутқимда миллий ғоя деган тушунчани ҳурмат қилиш мажбурият ва бурч эканлигини гапириб ўтирмадим. Конституцияга кўра, бизда давлат мафкураси йўқ. Демак, ҳар қандай қарашларни мажбуран сингдириш шахс эркинлигига зиддир. Демак, фан сифатида уни давлат мафкураси ўлароқ талқин қилиш миллий ғоя моҳиятини англамаслик бўлар эди. Аммо бу миллий ғоя – давлат, миллат сифатида борлигимиз, бор бўлишимизга доир бирламчи асос. Мен шу нуқтаи назарни тўғри деб қабул қилдим. Демак, назарий чалкашликни четга сура олдим. Талабаларга эса назариядан гап сотиш айни чоғда кераксиз. Улар ғоя ва мафкура ҳақидаги умумий гаплар мажмуини қарийб ёд билишади.

Шундай қилиб, биз суҳбатлаша бошладик. Дастлаб 1945 йилнинг январидан бир мисол келтирдим. Юлиан Семёновнинг “Тирик қолиш буюрилган” деган китобини яқинда ўқиб чиққандим. Ўша китобда бир эпизод бор. Гитлер асос солган учинчи рейхнинг мағлубияти муқаррар бўлиб қолган бир пайтда, оддий немис оиласида эр-хотин суҳбатлашаяпти. Бу суҳбатда мағлубият аниқ экани, тадорикни шунга яраша олиш кераклиги ҳақида хавотирлар айтилади. Тасодифан бу гурунгни эшитиб қолган фарзанд ўз хонасига қамалиб олиб, рейхсфюрерга эҳтиросли, ҳаяжонга тўла мактуб ёзади. Мактубда буюк фюрернинг мағлубиятга учраши мумкинлиги ҳақидаги ақлга тўғри келмайдиган, иғвогарона фикрларни айтган ота-онасидан шикоят қилган ўспирин, национал-социалистлар партиясининг азамат вакили сифатида уларга адолатли жазо тайинлашни ўтиниб сўрайди. Империя халқ суди мазкур ариза асосида тергов ўтказиб, шўрлик ота-онани ўлимга мустаҳиқ қилади. Ана ўша мактуб туфайли учинчи рейхнинг бош мафкурачиси Геббельс шодланади. Мактубни қўлига олиб, бизнинг ўлмас ғояларимизни ҳаётий ақидага айлантирган шундай оташюрак ёшлар бор экан, ҳеч қачон мағлубиятга учрамаймиз, дея ҳаяжон билан йиғлайди. Ваҳоланки, бу пайтда иттифоқчилар армияси Берлинни ҳаводан штурм қилаётган, “шавкатли” фюрер аёнлари билан ер ости бункерида жон сақлаётган эди.

Бу ҳикояни гапириб бераётганимда талабаларнинг диққати янада қатъийроқ тарзда жамланди. Телефонлар четга сурилди, партага энкайган йигит-қизларларнинг боши кўтарилди, пичир-пичирлар тинди. Савол ташладим: “Хўш, бу воқеадан қандай сабоқ олиш мумкин?” Яна сукунат. Демак, ҳаммаси режамдагидек.
Шундан кейин мен уларга таълимни ташкил этиш борасида давлатнинг ғамхўрлигини уқтира бошладим. Менинг бу сўз ўйинларим ва ўзига хос услубимнинг жозибали жиҳати шундаки, талабалар энг сўнгги хулосамни айтмагунимча, масаланинг моҳиятини, энг тўғри йўналишни топа олишмайди. Мен уларни гўё тиғ устида юришга чорлаб, нозик фикрлашга ўргата бошладим.

Гап шундаки, ҳар қандай давлатнинг ўта тез тараққий этиши учун мутаассиб ишчи кучлари керак бўлади. Лекин бу ҳолатда ўша мутаассиблар кейинчалик миллатнинг умумсайёравий обрўсига доғ туширади, мамлакат прогрессив давлатлардан ажралиб, яккаланиб қолади. Чунки, мутаассиблик, пировардида, улкан талабларни юзага келтиради, бундай талаблар эса тараққиётнинг бошқа халқлар билан чамбарчас боғлиқ оғир-вазмин қонуниятига, асосларига путур етказади. Демак, тез тараққий этишнинг муқобил йўлларини топган маъқул. Тузумга ақлий жиҳатдан эмас, ҳиссий жиҳатдан ўта садоқатли, тарғиботнинг ҳар бир гап-сўзига кўр-кўрона ишонадиган ёшларни тарбиялаш охир-оқибат давлатнинг халқаро нуфузини туширади, ҳалокатга етаклайди. Мутлақо иқтидорли ва энг зиёли халқлардан бири – немис миллатининг жаҳондорлик талаби билан майдонга чиқиши; Германия давлатининг (учинчи рейхнинг) ўтган аср иккинчи чорагида жадал тараққий топиши ва сўниши ана ўша фактор туфайлидир.

Шу гапларни айтиб бўлганимдан кейин, яна аудиторияга қарайман. Бу гал ҳам жим-житлик. Нигоҳлар теранлашган, фикрлаш онлари бошланган. Бу манзарани кўриб турган ўқитувчи ўзини қанчалар бахтли ҳис қилишини фақат дарс ўтаётган ҳамкасбларимиз билса, тушунса керак.

Мен уларнинг зеҳнига бу ҳаётий-назарий масалани ҳавола қилар эканман, воқеанинг ҳикматини ошкор қилишга шошилмас эдим. Чунки, уларга озроқ вақт керак. Ёшлар турфа ўйларга борсин, энг тўғри йўлни топсин, ишоратлар мантиғини англасин, дедим.

Алқисса, суҳбатнинг давомида уларга миллий ғояни мажбуран сингдириш, ҳаётий эътиқодга айлантириш ва буларнинг барчасини мажбурият деб талқин қилиш давлатнинг фуқароларга нисбатан зулм ўтказиши эканлигини уқтирдим. Агар Ўзбекистон ҳам худди нацистлар каби мажбурий ахлоқ кодексини ишлаб чиқиб, ўзига хос миллий ғояга оғишмай амал қилишни талаб қилса, мутассиб ёшларни тарбияласа, тузилма сифатида давлатга муайян манфаат бериши мумкинлигини, лекин гуманистик қоидаларга зид келишини, ҳур фикрли зиёлилардан маҳрум бўлишини, миллатиннг келажаги хатарда қолишини уқтирдим. Шу боисдан ҳам бизда миллий ғоя мажбурий ақидалар йиғиндиси эмас, аксинча, ҳаётни тўғри ташкил қилишга йўналтирилган, миллий ва умуминсоний қадриятларга таянган ғоялар мажмуидир деб тушунтирдим. Миллий ғоя орқали мутаассиб ёшларни тарбиялаш мақсад қилинмаганини, балки фикри уйғоқ, Ватанни кўр-кўрона эмас, англаб-билиб сева олишга, елка тутишга қодир авлодни тарбиялаш асосий режа эканини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Давлат мафкураси, ёшларга мажбурлаб сингдириладиган ғоя йўқлигини, ўтилаётган фан эса ота-бобомиздан мерос қолган ватанни севишга, қўришга, ривожлантиришга чорлашини тушунтирдим. Яъни, давлатнинг ўз фуқароларини муайян маслак атрофида уюштириш, итдек ишлатиб, ғояқулга айлантириш имконияти бўлгани ҳолда, бундай йўл тутмаганини, аксинча, ёшларни миллат, ватан келажагига доир прогрессив фикрлар билан озиқлантиришга ҳаракат қилаётганини, бунинг учун республика бюджетидан маблағ ажратилишини батафсил гапириб бердим. Демак, фанимизнинг номланишини “мамлакатимизнинг келажагига доир қарашлар мажмуи” сифатида тушуниш кераклигини, асло “Миллий ғоя” деган махсус бир атама сифатида тушунмасликни илтимос қилдим. Грамматика қоидаларига мослаб изоҳланса, миллий ғоя сифат, асло от эмас, дедим. Мен шу нуқтаи назар орқали миллий ғоянинг бугун давлатимиз қўллаётган шаклини уларга уқтирдим. Сўзнинг хулосаси шу бўлдики, бизга мутаассиб ёшлар керак эмас, миллатга ғоялар бера оладиган, қадриятларимизга содиқ, уларнинг моҳиятини теран англаган ёшлар керак.

Очиғи, мен миллий ғояни шундай тушунганман. Ўқиб-уққанларим асосида мана шу талқин энг тўғриси эканлигига инонганман. Суҳбат давомида мен “миллий ғоя” деган иборани ишлатмасликка ҳаракат қилдим. “Миллатимиз ғояси”, “Бош ғоямиз”, “Қадриятларимиз мажмуи” тарзида гапиришга ҳаракат қилдим. Чунки, талабалар радиода, телевидениеда, матбуотда, давра суҳбатларида “Миллий ғоя” деган сўзни эшитавериб, уни оддий, хашаки ибора деб ўйлай бошлаганига ишончим комил эди. Мен ўз фикрларим орқали бу тарз қарашларни чилпарчин қилиб, миллий ғояни туйғу даражасига кўтаришга ҳаракат қилдим. Инсон онага, ёрга, болага бўлган муҳаббатини кунда-кунора изҳор қилавермагани каби, асл туйғуларини қалбга кўмиб, авайлаб сақлаши керак, деб уқтирдим. Миллий ғоя бу – ўзбек боласининг, Ўзбекистонда яшовчи халқлар вакилларининг энг муқаддас, ғубор қўнмаган туйғусидир, деган ақидамни сингдирдим.  Биз шундай нуқтаи назардан ёндашиб, амалий машғулот олиб борамиз, биз шундай дарс ўтамиз, деб уқтирдим. 

Шу сўзларни айта туриб, аудиториядаги талабаларга нигоҳ ташладим. Улар энди ростманасига ўй-фикрлар оғушига ғарқ бўлганча, кўз ўнгимда бошқача одамга айланган эди. Мен бу тарз уқтиришларим туфайли фаннинг мақсади ва предмети ҳақидаги ишчи-ўқув дастурида кўрсатилган меъёрларни бошқача ёндашув асосида бажардим.

Биринчи дарс, амалий машғулот, талабалар семинарга тайёргарлик кўрмаган, демак, бу вазиятда, воқеаларнинг давомида мен нима қилишим керак эди? Демак, эндиги навбат, ўзига хос метод асосида уларни фикрлашга, сўзлашга чорлаш, огоҳлик ҳисси ҳақидаги қарашларини тоблашдир.

Шундай қилиб, огоҳлик деганда нуқул каттароқ сумка кўтарган йўловчидан шубҳаланишни эмас, энг аввало кўнгилдаги покиза туйғуларни авайлашни тушуниш кераклигини айтдим. Огоҳлик, том маънода, юракка доир тушунча; ўзида, дўстида, яқинларида, боласида ёруғ хаёллар борлигини билиб, ўша орзу-умидлар ижобат бўлишига кўмаклашиш энг катта огоҳликдир.

Демак, дарсни қандай ташкил этиш керак? Олдинда узундан-узоқ 45 дақиқа вақт бор. Темирчи темирни қиздириб, ишлов беришга тайёрлагани каби мен ҳам ўтган вақт давомида талабаларнинг қалбига таъсир ўтказиб, диққатини жамлашга эришдим, холос. Энг асосий вазифа ҳали бажарилмади. Воқеан, семинар машғулотининг қоидасига биноан талабаларга муайян баҳо қўйишим керак. Баҳолаш учун уларни тингловчи эмас, иштирокчи бўлишларини таъминлашим зарур.
Лаҳзалик тараддуд, сокинлик пайтидан фойдаланиб, шеър ўқишни бошладим. Хоразмлик машҳур шоир Матназар Абдулҳакимнинг бу шеъри “Дарсдан сўнг” деб номланади. Шеър ўқишдан аввал хонада хоразмликлар бор-йўқлигини суриштириб, гапим янада таъсирли чиқиши учун ўша томонларда Бўстон исмли аёлга ҳайкал қўйилганини, бунинг сабибини ҳозир айтиб беришимни билдириб қўйдим. Шу тариқа шеър ўқий бошладим.

 Кимнидир койиди чеккани учун.
 Тортиб олиб қўйди гугуртини ҳам.
 Машқ дафтарларини йиғди-да, сўнгра
 Бир-бир санаб кўрди. Етти дафтар кам.
 «Ҳар гал шундай аҳвол. Уялмайсизми?
 Келасиз ўқишмас, қилиш учун сайр.
 Бу сафар ҳам икки қўймай тураман,
 Эртага қолганлар топширсинлар. Хайр».
 Қиш куни — бир тутам. Қорайганди қош.
 Иккиланди. Ўтмак керак, ахир, қирдан.
 Эри ҳам келмади олиб кетишга
 «Кўнгли совидими...» — ваҳм этди бирдан.
 Ҳамкасб дугонаси қистовга тутиб,
 «Тунаб кетинг, — деди . — Кеч бўлиб қолди»
 Кўнмади. Қўлтиқлаб машқ дафтарларни
 Уйга ёлғиз ўзи яёв йўл олди.
 Овул тугаб, энди қирга чиққанда
 Оқшом қуюқ эди, атроф сим-сиёҳ.
 Йўлдан қайтмоқчи ҳам бўлди бир ўйи.
 «Ўғлим хасталаниб қолдимикан ё...»
 Юрагини баттар ваҳима босди,
 Қамради тундан ҳам баттар бир қўрқув.
 Ўнқирми, чўнқирми, ўрми, қир демай
 Яна кетаверди, кетаверди у.
 Мудҳиш бир шарпани илғади ногоҳ,
 Разм солса қашқир. Қиларди таъқиб,
 Эслади йиртқичнинг қўрқишин ўтдан,
 Изига бир дафтар ташлади ёқиб.
 Қашқир тўхтаб қолди. Сўнг — яна, яна,
 Муаллима омон топган бу олов
 Йиртқичга берарди иложсиз сабр.
 Йўловчи — ёқарди, қашқир — тўхтарди,
 Тин оларди икков ҳар дафтарда бир.
 Йўл узоқ, тун қаро, қашқир эса оч,
 Оч йиртқич биларми надир садоқат.
 Уйга яқин қолган вақтда тугади
 Муаллимда дафтар, қашқирда — тоқат.
 Уввос фиғон тутди қишлоқни тонгда,
 Замин аза очди, замон йиғлади.
 Дафтар топширмаган етти ўқувчи
 Ҳаммадан ҳам ёмон йиғлади.
 Нўноқ назмим учун афв эт, халқим,
 На олим, на фозил, на сўз пириман.
 Ўз вақтида дафтар топшира олмай
 Қолган болаларнинг бириман.
 
Шеър тугади, аниқроғи фақат шу жойига қадар ўқидим. Талабалар жуда ғамзада кайфиятга чўмди. Ана энди машғулотни бошлаймиз, дедим кутилмаганда. Шундай қилиб, бир йигит ва бир қизни доска ёнига чиқариб қўйиб, воқеаларни таҳлил қилишга кўмаклашишни сўрадим. Йигит киши ўқитувчи аёлнинг эри ролини ўйнаса, қиз бола Бўстоннинг дугонаси ролини бажарадиган бўлди. Қолган талабалар мактаб ўқитувчилари сифатида қатнашадиган бўлди. Шундай қилиб, Бўстон ўлди. Қашқирларга ем бўлди. Аммо воқеанинг юридик жиҳатлари бирон кимсани айбдор қилишга ботинмаса ҳам, ахлоқий томондан жиноят излари борлиги кўриниб турибди. Демак, биз айни пайтда, аудиторияда гўё ўша машъум воқеадан кейин мактаб жамоасининг йиғилишини ўтказаяпмиз. Ва бу йиғинга Бўстоннинг турмуш ўртоғини ҳам таклиф қилганмиз. Мен эса мактаб директори ролини вақтинча бажариб, ҳаммасини мувофиқлаштириб тураман. Дастлаб мен мактаб директори сифатида сўз олиб, воқеанинг қанчалар қайғули бўлганини, биз учун оғир йўқотиш эканлигини айтиб, келинглар, ҳаммасини муҳокама қиламиз, фикримча ҳаммангизда мана бу икки кишига анча саволлар б бўлса керак. Қани, марҳамат, савол-жавобларга ўтамиз. Айтиб қўяй, воқеалар уяли телефонлар давридан аввал бошланган, демак, муҳокамада бунга эътиборли бўлинглар, деб тайинладим. Хуллас, асосий шарт – шеърдаги деталлардан ташқарига чиқмаслик.

Саволлар берила бошланди.
А) Бўстоннинг турмуш ўртоғига
- аёлингиз кеч қолганидан хавотир олиб, йўл қарамадингизми?
- болам хасталаниб қолдимикин, деб бечора йўлга тушган. Демак, сиз болаларга бефарқсиз. Уйдаги вазиятдан кўнгли тўқ бўлганда шўрлик шом пайтида қир ошмас эди...
-  эрталабгача қандай ухладингиз? Сизда виждон борми?
- нега мактабга, қишлоқдаги бирон кишига телефон қилмадингиз?
- кўнгли совидими деб бечора Бўстоннинг юраги сиқилипти. Демак, сиз ҳамкасбимизга эътиборсиз бўла бошлагансиз. Энди қайси виждон билан яшайсиз?

Хуллас, шунақа саволлар билан Бўстоннинг эрини кўмиб ташлашди. Йигит бечора довдираб, сўз тополмай қийналди. Аудиторияда чинакам фикрий баҳс, мунозара кайфияти уйғонди. Жараён чиндан ҳам жуда қизиқарли тус ола бошлади. Мен эса мактаб директори сифатида ундан жавоб беришни мулойим оҳангда талаб қилдим. Йигит бир нималар деб изоҳ, тушунтириш берди. Назаримда у воқеага киришиб кета олмади. Шунда мен бир муддат йигитнинг ўрнига саволларга жавоб беришга ҳаракат қилдим. Аёлимнинг ўлимига дахлим йўқлигини, ҳаммаси тақдирдан эканини айтдим. Бундай тарздаги айбловлардан кейин ўзимни ўлдириб қўйишим мумкинлигини, номусли одам эканлигимни, болаларни тақдирига энди фақат мен масъул эканимни билдириб, тинч қўйишларини сўрадим.
Мантиқли бу баҳонадан кейин, талабалар жимиб қолишди. Ўйин вазиятидаги ҳамма ролини қойилмақом бажара бошлади, улар ёппасига ўзини виждон азобларидан халос этишни кўзлар, қалбан покланишга ҳаракат қилиб, баҳслашар эди. Аммо барибир талабалар аёлнинг эрига нисбатан умумий нафрат кайфиятидан воз кечишмади. Бинобарин, менга ҳам шу керак эди. Мен шу пайтдан бошлаб ҳар бир талабанинг иштирокини зимдан таҳлил қилиб, дафтаримга баҳолар қўйишни бошладим...

Кейин Бўстонни уйига кузатиб қўйган, уни охирги марта кўрган киши – ҳамкасб дугонасига саволлар берила бошланди.
Б) Бўстоннинг дугонасига берилган саволларнинг айримлари:
-  нега дугонангиз қир оша кетаётганини кўра-била туриб, уни ёлғиз кузатдингиз?
- у кетганидан кейин қўшни қишлоқдаги кимгадир телефон қилиб, эрини хабардор қилишни сўраганингизда, қирга чиқиб туришини тайинлаганингизда бўлар эди-ку!
- сиз астойдил сўрамагансиз. Агарда чин қалбдан манзират қилганингизда бечора Бўстон ўша оқшомда сизникида ётиб қоларди.

Хуллас, доска ёнида турган қиз – Бўстоннинг дугонаси йиғлагудек аҳволда турар, ўзини ҳимоя қилишга мажоли қолмаган эди. Бир амаллаб, кўзларида ёш билан “Мен бундай бўлишини хоҳламаган эдим!..” деёлди, холос. Шу машғулотни бошқа бир гуруҳда қўллаганимда дугона ролидаги шаддодгина қиз қишлоқда свет ўчган эди, деб юборса бўладими? Свет ўчган, телефонлар ишламаган, совуқ кунда меҳмоннавозлик кўнгилга сиғмайди, деган фикрлар айтилди. Хуллас, турфа қарашлар гардобида бу раундни ҳам якунладим.

Кейинги кўринишда Бўстон муаллимани ўзини таҳлил қила бошладик. Совуққонлик билан, ҳиссиётларга берилмай, холис танқидий-таҳлилий фикрлар айтишни сўрадим. Энди бу вазиятда биз ролдан чиқиб, яна аудитория шароитига қайтдик. Биз энди оддий талабалар ва ўқитувчи бўлиб, Бўстон муаллиманинг аянчли тақдирига доир қарашларимизни тўкиб солдик.

Г) Бўстон муаллиманиг шахсига доир мулоҳазалардан айримлари.

- У барибир ўзини ўйлаши керак эди. Ортиқча, кераксиз қурбонга айланишдан сақланишни билиш, жуда катта фаросатни талаб қилади. Демак, у фаросатсизроқ аёл экан.

- У эридан шубҳалана бошлаган экан. Демак, бор эътиборини ишга қаратган, эрнинг эътиборидан қолган аёл бўлиб чиқади. Бундай аёлларни эркаклар хуш кўрмайди. Аёл киши ҳамиша аёллигини, рафиқа эканлигини унутмаслиги керак.

- Унинг ўлимидан кейин ўша дафтар топшира олмай қолган ўқувчилар астойдил ўқиб, машҳур шоир, олим даражасига чиққан экан. Агарда у тирик қолганида Ватанга кўпроқ фойдаси теккан бўларди. Яна юзлаб, минглаб теран фикрли шоиру олимларни етиштирар эди. Демак, айни ҳосил берадиган, шогирдлар тайёрлайдиган ёшда вафот этгани давлат учун, таълим тизими учун йўқотиш. Бу вазият учун ҳам Бўстоннинг ўзи қай бир жиҳатдан айбдор. Бундай одамлар Ватан учун ўзини сақлашни билиши керак.

- Бўстон фарзандлари олдидаги бурчларини яхши англамаган кўринади. Фарзанд учун оналар ҳамиша керак. У дарс соатларини аввалроқ кундузги соатларга ўтказишни сўраб, маъмуриятга мурожат қилса бўлар эди.

Ана шунақа гаплар... Ёниб, ҳаяжон билан фикр билдираётган талабаларнинг аксарияти ёш келинчаклар, келинлик арафасида турган бўйсара қизлар эди. Йигитлар ҳам шу алпозда – хуллас, оила қурган, қуриш арафасида турган ёш-яланглар...

Дарс вақти тугашига олти-етти дақиқа вақт қолди. Ўтган вақт мобайнида иштирокчиларни тўғри фикри, ўзига хос ёндашувини инобатга олиб баҳолаб боравердим. Аммо яна энг асосий гапни, воқеанинг ҳикматини, пироварди, айни ҳолатнинг миллий ғояга, огоҳлик ҳиссига нечоғлик алоқадорлигини уларга айтмаган эдим. Мен ҳар доим талабалар нима демоқчи эканлигимни охирги нафасгача англай олмаслигини режалаштираман. Шундай қилинса, ҳаммаси қизиқ ва жозибали чиқади, энг муҳими, кутилмаганлик, фавқулоддалик тафаккурда жуда кучли эврилишни юзага келтиради.

Шундай қилиб, охирги нутқимда кўрилган масаланинг мавзуга алоқаси, асл моҳияти ҳақида тўхталдим.

Сиз учун аҳамиятсиз, эътиборсиз бир ножўя ҳатти-ҳаракатингиз кимнингдир ҳаётини издан чиқариб юбориши, аянчли оқибатларга гирифтор қилиши мумкинлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, дея савол ташладим. Эҳтимол сиз ўзингиз юзага келтирган ҳолатнинг нақадар фожеий кўлам олганини кейинчалик ҳам билмассиз, умуман бехабар қоларсиз, лекин умрингизнинг қайсидир бекатида қилмишингиздан пушаймонлик туясиз. Сиз туфайли инсонлар жабр кўрмаслиги учун, миллатнинг интеллектуал, молиявий бойлиги шикаст емаслиги учун барча ишга масъулият билан ёндашишингиз шарт ва зарур. Бизнинг мана шу йўлдаги умумий мақсадимизни, ҳаракатларимиз дастурини жамлаб, МИЛЛИЙ ҒОЯ дейиш мумкин. Демак, миллатга хизмат қилиш сари олға!

Ана шундай кўтаринки руҳдаги, даъваткор фикрлар билан, авж нуқтада дарсни якунладим. Гап шундаки, мен талабаларни тушкун ва руҳан изтироб чекаётган ҳолатда аудиториядан чиқариб юбора олмасдим. Миллий ғоя ёшларга жўшқин кайфият бериши керак деган ақидамда собит қолдим.

Дарс тугаганини эълон қилиб, хайрлашар эканман, талабалар ўрнидан қўзғолишни истамас, яна қандайдир савол билан, фикр билан безовталанар эди. Муҳими, уларда фикрлашга чексиз иштиёқ уйғонган эди. Уларнинг ҳар бири айни дақиқаларда миллий ғоя ҳақидаги менинг хулоса тарзидаги мулоҳазамга қўшимча фикр билдиришни, тўлдиришни, ўз қарашлари билан бойитишни истаётгани сезилиб турар эди. Аммо мен уларнинг изоҳ ва тушунтиришларига изн бермадим. Чунки, миллий ғоя ҳақидаги топган-англаган ҳикмат ва хулосаларини қалбнинг энг тўрида, мўътабар туйғулар қаторида, эл-улусга овоза қилмасдан сақлай олишга ўргатишни кўзлаган эдим.

Аудиториядан ҳамма бир-бир чиқиб кетар экан, бир талаба, – афтидан у шеър ёзади, шекилли – домла, шундай экан, нега Бўстонга ҳайкал қўйилди, деб сўраб қолди. Аслида кимдир шу саволни беришини кутиб тургандим. Хуллас, уларга ҳиссий ва ақлий билиш ҳақида тушунтириш бердим; адабиёт одамларда фожеага ҳамдардлик ҳиссини уйғотишини, сўзда қудрат борлигини, биз эса воқеаларга гўё микроскоп орқали қараганимизни тушунтирдим. Воқеаларга назар ташлаганда, муносабат билдирганда адабиётнинг йўриғи бошқа, ақл кишиларининг йўриғи бошқа эканини, тор доирадаги муҳокамаларни оммага тушунтириш нотўғри эканлигини айтдим. Яъни, фожеани талқин қилишда давлатнинг ва адабиётнинг манфаатлари, нуқтаи-назари мос тушмаслигини, аммо бу бир-бирини инкор қилмаслигини имкон қадар тушунтирдим. Адабиёт туйғуларни чархлашга, ўзликни англашга даъват этади, адабиётсеварларгина миллат туғини баланд кўтаришга қодир. Аммо айнан бир асарда сертаъсир баён қилинган воқеанинг мантиғи ҳаётда бошқача бўлиши мумкин. Шу боис, адабиёт билан ҳаётни чалкаштириб, айнанлаштириб бўлмайди, деган мулоҳазани билдирдим. У “Худога шукур” дегандай нафас ростлади, мамнун кулимсираб қўйди. Биз воқеани эпизодларга бўлиб муҳокама қилганимизда унинг қалбида адабиётга нисбатан тушуниксиз муносабат пайдо бўлаётган экан, бунинг олди олинди.

Хуллас, ушбу мақола орқали, замонавий таълим ҳақида фикрлашиш баҳона, бир ўқитувчи сифатида, ўзимнинг тажриба ва услубимни баён қилдим. Бу ҳали илк сабоқлардаги ҳолат. Аввал айтганимдек, жами ўнта гуруҳга шу битта фандан дарс ўтаман. Гапларим қайтариқ бўлиб қолмасин деган ўйда, ҳар бир аудиторияга имкон қадар янги масалаларни муҳокама учун ташлашга ҳаракат қилдим. Ҳозирча, услубим фойда бераяпти, шекилли. Талабаларнинг кўзида, сўзида, ўзида норозилик аломатини сезганим йўқ. Энг қизиқ дарслар, мураккаб масалалар устидаги мулоҳазалар энди бошланди...

ЭСКАРТИШ:
Мазкур битикларни бир вақтлар, аниқроғи ўтган йилнинг октябрь-ноябрь ойларида ёзиб қўйган эдим. Кейинчалик яна ёзилди – қолган дарслар қандай ташкил этилганини ҳам шарҳлаб, келгуси фаолиятимда асқатар деган умидда сақлаб қўйдим. Дарс жараёнида замонавий технологиялардан, бадиий воситалардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилдик, баъзи гуруҳларда бу услуб иш берди, баъзиларида йўқ. Хусусан, телеграм месенжерида ҳар бир курс ёки факультет талабалари учун алоҳида гуруҳ очиб, фикр алмашиш, дарсга тайёргарлик кўришни назорат қилиб бориш услуби қизиқ туюлди. Келгусида бу ишни янада пишиқ-пухта тарзда олиб боришни режалаштирганман.  Тажрибаларимдан бир шингилини бунда ўртоқлашар эканман, шу кунларда муҳокама бўлиб турган мавзу – миллий ғоя тарғиботи ва самарадорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарурати борасидаги баҳсларга қўшилгим, келгуси мулоҳазаларингизга материал улашгим келди...

Мазкур битиклар 2015-йил,
октябрь-ноябрь ойида ёзилган.

Кун янгиликлари
Тадбиркорларни муваффақиятга элтувчи ноёб бизнес-форум ўтказилади
09:45 / 20.07.2017 7114 Жамият
Study Tokyo – Японияда ўқиш ва ишлашни истаганлар учун ишончли ҳамкор
10:55 / 19.07.2017 17844 Lifestyle
Фермер ва тадбиркорлар диққатига! Travel Today билан АҚШнинг энг йирик агро кўргазмасида иштирок этинг
09:52 / 19.07.2017 14314 Жамият
БМТ Хавфсизлик кенгаши ИШИДга қарши санкция рўйхатини кенгайтирди
00:52 2135 Жаҳон
Қирғизистонда президентликка номзодлардан биринчиси МСКга имзоларни топширди
00:20 2021 Жаҳон
Чичарито Англияга қайтди
00:13 3457 Спорт
Формула-1 пилотлари боши қўшимча восита билан ҳимояланади
23:54 / 20.07.2017 1263 Спорт
"Қассобга гўшт қайғуси.." Одамларни ким ўйлайди?
23:46 / 20.07.2017 9124 Жамият
Ўзбекистон Мозори Шарифда савдо уйи очади
23:40 / 20.07.2017 3450 Ўзбекистон
«Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайтлар - 2017» ғолиблари маълум қилинди
23:33 / 20.07.2017 1959 Ўзбекистон
Кўпроқ янгиликлар