АҚШ бокс терма жамоаси бош мураббиий Билли Уолш The Guardian нашрига берган интервьюсида Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (AIBA) манзилига танқид ёғдирди.

У ўз шогирдларидан бири Гэри Антуан Расселл 64 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги чорак финал беллашувида ўзбекистонлик Фазлиддин Ғоибназаровга енгилганидан кейин чиқиш қилган. Ҳакамларнинг қарори кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди, аренада жангни кузатган Флойд Мейвезер эса буни «очиқ-ойдин талончилик» деб атаган.

«Ўзбекистон энг яхши жамоа бўлиши аниқ. Улар барчани енгишмоқда. Ўзбек боксчиларини енгсангиз ҳам ғалабани уларга беришади», — деган Уолш.

«Тартиб-қоидаларни AIBA ўрнатади. Биз боксчиларимизни ғалабага тайёрлаймиз, улар рингга чиқишади ва устун келишади, лекин ғалабани беришмайди. Бу 1988 йилдан буён энг ёмон Олимпиада бўлмоқда. Ўшанда ҳам Рой Жонсдан финалдаги ғалабани тортиб олишганди», — дея қўшимча қилган Уолш.

Унинг ёрдамчиси Кэй Корома The Guardian нашрининг AIBA тизимидаги порахўрлик муаммоси бўйича ўтказган журналистик текширувини эслаган.

«Сиз ўйлаб кўринг, аслида нима ишлар рўй бермоқда. Улар ким қайси вазн тоифасида чемпион бўлишини белгилаб бўлишган. Мен AIBA натижаларга таъсир кўрсатаётганига ишона бошладим. Бу даҳшат», — дея қайд этган Корома.

Исмини ошкор қилишни истамаган Олимпия чемпиони The Guardian нашрига берган интервьюсида айтганки, ҳакамлар муаммосини ҳал қилиш учун раҳбариятни тўла ўзгартириш керак. У Халқаро олимпия қўмитасини бу муаммога аралашишга чақирган.

Қайд этиш керакки бу Олимпиада давомида ҳакамларни қарори масаласидаги илк можаро эмас. Бундай мунозаралар россиялик Евгения Тищенко қозоғистонлик Василий Левитни 91 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги баҳсларда енгганидан кейин ҳам пайдо бўлганди. Ҳакамлар қарори эълон қилинганида мухлислар уларга ҳуштакбозлик қилишди, кейин улар тақдирлаш маросими вақтида ҳам россиялик боксчига ҳуштак чалишди. Мухлисларни Левитнинг ўзи тинчлантиришига тўғри келди.

Левит интервьюларидан бирида ҳакамларнинг бундай қарор қабул қилишини кутмаганини айтди.

Тищенко ҳам унинг рақибига адолатсизлик қилинган бўлиши мумкинлигини билдирди. Ҳакамлар қарори бутун дунё бўйлаб мухлислар ва мутахассисларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Жумладан, Серхио Мартинес Левитни олимпиаданинг ҳақиқий чемпиони деб атади.

Левит — Тищенко баҳсидан ташқари яна бир жанг атрофида можаро содир бўлди. Бу россиялик Владимир Никитиннинг амалдаги жаҳон чемпиони, ирландиялик Майкл Конланга қарши жанги атрофида рўй берди. Ирландиялик боксчи ҳакамлар қарори эълон қилинганида уларга ўрта бармоғини кўрсатди, кейин эса AIBA ташкилотини орзуларни ўғирловчи ташкилот деб атади.

AIBA Левит — Тищенко жанги натижаси бўйича қарор қабул қилишда хатога йўл қўйилганини тан олди ва ҳакамларни четлаштирди. Лекин улар чиқарган қарорлар ўз кучида қолди.