Хитой ОАВда хитойлик аёлнинг ҳомиласини узоқ вақт давомида кўтариб юргани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. РИА Новости агентлиги мурожаат қилган тиббий мутахассислар эса, ҳар ҳолда ҳомила ҳалок бўлгани эҳтимол, деган фикрларни билдиришган. 

Аввалроқ, Хитой Компартиясининг марказий нашри "Жэньминь жибао" газетасининг инглиз тилида чоп этиладиган People's Daily ёзганидек, Хунань вилоятилик аёл ҳомиладорлик муддати бўйича жаҳон рекордини ўрнатган. У, 17 ойдирки, болани олиб юрибди. Газета маълумотларига кўра, шифокорлар, ҳомила 14 ойлик бўлган вақтида жарроҳлик йўли билан болани олиш имкониятини рад этишган. Чунки ҳомила, шифокорларнинг сўзларига кўра етарли ривожланмаган бўлган. Бироқ, бўлғуси онанинг соғлиғи яхши экани таъкидланганди. 

Тиббиёт фанлари доктори, акушер-гинеколог Елена Силантьеванинг баёнотига кўра, ҳомиладорликнинг бундай физиологик кўриниши мумкин эмас. 

"Эҳтимол, ҳомила қайсидир босқичда ривожланишдан тўхтаган бўлиши мумкин. Аёл эса, шунчаки нобуд бўлган ҳомилани кўтариб юрган бўлиши мумкин. Тарихда туғилмаган ҳомиланинг мумиёлашиб қолгани борасида маълумотлар бор. Шу боисдан, вазиятни жиддий ўрганиш лозим. Нормал ривожланган ҳомиладорлик бу каби узоқ муддат чўзилишининг эҳтимоли камроқ", — деган Силантьева.

Эпидемиология илмий-тадқиқот институти маслаҳат маркази акушер-гинекологи Аркадий Котляр ҳам юқоридаги фикрга қўшилган. 

"Бу физиологик жиҳатдан бўлиши мумкин эмас. Жараён ёки давом этаётган бўлиши, ёки тугаган бўлса керак. Унинг ўртасида бўлмайди. Агар ҳомила ўсмаётган экан, демак у нобуд бўлган", — деб қайд этган Котляр.

У, шунингдек, ҳомиладорликнинг 42-43 ҳафта давом этганига оид маълумотлар мавжудлигини, аммо муддатнинг деярли "икки" марта 17 ойга чўзилиши мумкин эмаслигига урғу берган. 

People's Daily нашрининг ёзилишича, хитойлик аёлда ҳомиласининг 18 ойлигида жарроҳлик амалиёти ўтказилади.

Силантьеванинг қайд этишича, шифокорларнинг жарроҳлик амалиётини ўтказмасликка қарор қилишгани ҳам жиддий муаммолар мавжудлигини исботлайди.