56 кг вазн тоифасидаги россиялик боксчи Владимир Никитин жароҳатлари туфайли Олимпиададаги иштирокини тўхтатди. Унинг ярим финалда ўтказиши белгиланган америкалик Шакур Стивенсонга қарши жанги ўтказилмайдиган бўлди.

«Биз Владимирни мусобақадан оламиз, у жароҳатлари туфайли жангга туша олмайди. Унинг боши ёрилган, бошқа жароҳатлар ҳам бор. У Стивенсонга қарши жанг қилмайди»,— дейилган россияликлар жамоаси хабарида.

Никитин чорак финалда Ирландия вакили Майкл Конланга қарши жангга чиққан ва ҳакамлар томонидан ғолиб деб топилганди.

Кейинроқ ирландиялик боксчи берган интервьюсида ўз мағлубияти Россия президенти Владимир Путиннинг пуллари туфайли эканини айтди.

Энди Стивенсон финалда Ўзбекистон вакили Муроджон Аҳмадалиев ва кубалик Робсей Рамирес жуфтлиги ғолибини кутади.