Рио-2016 Олимпиадасининг бокс бўйича 91 килограммдан юқори бўлган вазн тоифасида Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилган боксчи Баҳодир Жалолов ўз инстаграм саҳифаси орқали ўзбекистонлик мухлислардан узр сўради.

Боксчи “Аллоҳ сабрли кишиларни яхши кўради" деган сўзлар битилган расмга изоҳ тариқасида ушбу сўзларни ёзди:

“Ҳамма ўзбек халқидан минг бор узр сўрайман. Мени шунча қўллаб-қувватлаб турдингиз. Ишончларингни оқлай олмадим. Худо хоҳласа, албатта чемпион бўлиб сизларни хурсанд қиламан”.

Эслатиб ўтамиз, Баҳодир Жалолов чорак финалда британиялик тажрибали боксчига очколар сони бўйича мағлуб бўлган эди.