CNN Кейт Болдуин янгиликлар эфири вақтида авиазарбадан кейинги харобалар остидан чиқариб олинган суриялик 5 ёшли болакай Умран Дақнаш ҳақидаги хабарни ўқиш вақтида йиғламоқдан бери бўлди.

Болакай бомбардимон қилинган ҳудуддаги уйлардан биридан қонга беланган аҳволда олиб чиқилган ва тез тиббий ёрдам машинасига келтирилган. Уни шу ерда мухбирлар видеога олишган.

Болдуин бутун дунё бўйлаб унинг ёшидаги болалар мактабга чиқишни кутишаётган вақтда у жон сақлаб қолишга уринаётганини айта туриб, нафаси бўғзига тиқилади ва қуйилиб келган кўз ёшларини тийиш учун бир муддат тўхтайди. Чуқур нафас олганидан кейин у бўғилган овози билан гапиришда давом этади.

"Биз уларга ким зарба йўллаганини билмаймиз. Уларнинг уйи вайрон бўлган. Оила бошлиқларининг тақдири номаълум", дея давом қилган у.

Шундан кейин бошловчи яна тўхтайди ва репортажни шу сўзлар билан тугаллайди: «Бу Умран. У тирик. Биз шунчаки буни билишингизни истадик».

Нашрлар Умраннинг қисмати орқали Суриядаги урушни қоралашмоқда.

Унинг The Telegraph мухбири Рафаэль Санчес томонидан туширилган сурати интернет бўйлаб тарқалмоқда.