ХХРнинг Тараққиёт ва ислоҳотлар миллий комиссияси (NDRC) Ганьсу провинциясида 7,93 миллиард юанлик (1,19 миллиард АҚШ доллари) янги автотрасса қурилиш лойиҳасини тасдиқлади. 

Комиссия сайтидаги хабарга кўра, 124 километрлик автомобиль йўли қурилиш лойиҳаси тасдиқланган. У бир неча шаҳар ва туманларни Ланчжоудаги Чжунчуань халқаро аэропорти билан бирлаштиради. Янги автотрасса янги Ипак йўли стратегиясини амалга оширишда ёрдам бериши таъкидланмоқда. Қурилишнинг қачон бошланишига доир маълумотлар берилмади.

Июнь ойида комиссия Тяньшуй ва Пинлян шаҳарларини бирлаштирувчи 172 километр узунликдаги йўл лойиҳасини тасдиқлади. Инвестициялар 3,47 миллиард долларга баҳоланмоқда. 

Май ойининг охирларида Хитой Халқаро радиоси (CRI) ХХР ҳукумати яқин уч йил давомида транспорт инфратузилмаси қурилиши лойиҳаларининг амалга оширилишига 4,7 триллион юань (тахминан 725 миллиард доллар) инвестиция қилишни режалаштираётгани ҳақида хабар берди. 

Бу вақт ичида 300дан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Аксариятининг мақсади - мамлакатнинг узоқ ва ночор ҳудудларида транспорт тизимини ривожлантириш. Асосан автомобиль ва темир йўллар қурилиши лойиҳаларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. 

Хитой ҳукуматининг тақдим этган ҳисоботига кўра, 2016 йилда темир йўллар қурилишига йўналтирилган инвестициялар 800 миллиард юандан ортиқни (121 миллиард доллар) ташкил қилади. Транспорт инфратузилмасига йўналтирилган умумий инвестициялар эса бу йил 2,45 триллион юанни (тахминан 377 миллиард доллар) ташкил қилади.