«Муборак газни қайта ишлаш заводи» МЧЖ 2016-йил охиригача йилига 80минг тонна олтингурурт кукунини заррача шаклида ишлаб чиқариш қувватига эга лойиҳани якунлайди. Янги лойиҳани ишга тушириш маҳсулот сифатини халқаро экологик талаблар даражасига олиб чиқишга имкон беради. 

Бундан ташқари, тайёр маҳсулотни ташиш, қайта ишлаш қулайлашади. Бу ҳам унинг рақобатбардошлигини оширади, деб хабар қилмоқда UzDaily.uz. 

Яқин йилларда заводда яна бир йирик лойиҳа якунига етказилиши кутилмоқда. У, мавжуд қувватлардан янада самарали фойдаланишга имкон беради. Айни вақтда, газни олтингугуртдан тозалаш ускуналари орқали ўтаётган қайта ишланган кислотали газлар таркибидан олтингугурт олиш қурилмасини ўрнатиш ишлари бўйича ҳужжатлар тайёрланмоқда. 

Унинг қуввати соатига 57 минг кубметр газни қайта ишлашга тенг бўлади. У, йилига 280 минг тонна олтингугурт ишлаб чиқара олади. 

Муборак газни қайта ишлаш заводи 1971-йили ишга туширилган. Унинг ҳозирги қуввати 30 млрд. кубметр табиий газни қайта ишлаб, 570 минг тонна газ конденсати ва 417 минг тонна олтингугурт олиш имконини беради.