ОАВ: Япония мамлакат тарихидаги энг йирик ҳарбий бюджетни тайёрламоқда

Жаҳон 19 Август 2016 5120

Япония ҳукумати 2017-молия йилида мамлакат тарихидаги энг йирик ҳарбий бюджетни таклиф этмоқда. Хусусан, унда Шимолий Корея баллистик ракеталаридан ҳимоя воситаларини кучайтириш учун харажатлар, Жанубий-Хитой денгизидаги тортишувли оролларда Хитойга қарши туриш учун сувости кемасини барпо этиш кўзда тутилган, деб хабар қилмоқда NHK телеканали. 

ОАВ маълумотларига кўра, 2017-йилги ҳарбий харажатлар 2,3 фоизга кўтарилиб, 5,16 триллион иен (тахминан 51,6 миллиард доллар)га етади. Таҳлилчилар, Япония ҳарбий харажатларининг ўсишини КХДР ракета синовлари билан боғлашмоқда. 

NHK телеканалининг хабар қилишича, "Пэтриот" (PAC-3) баллистик ракеталар мажмуаси ҳисобига ракета ҳужумларидан мудофаа тизимини кучайтириш учун 105 миллиард иен (1,05 миллиард доллар) сарфланади. 

Бундан ташқари, Япония биринчи марта Американинг энг янги SM-3 Block IIA бошқарилувчи зенит ракеталарини сотиб олади. У, минг км баландликкача уча олади. Уларни "Ижис" (Aegis) тизимига эга ҳарбий кемаларда жойлаштириш кўзда тутилган.

"Нихон кэйдзай" ("Никкэй") газетасининг ёзишича, шу йилнинг кузида ракеталар Ҳавайи ороллари чеккасида синовдан ўтказилади. 2017-йилдан уларни ишлаб чиқариш бошланади. 

Японияда ишлаб чиқарилувчи сувости кемаси бортига, "Санкэй симбун" газетаси хабарига биноан, 300 км узоқликка уча оладиган ракета ўрнатилади. Кема, 2023-йили Сэнкаку можароли архипелагига яқин жойлашган Окинава префектураси Мияко оролида ҳарбий навбатда туради. 

Шу билан Япония Сэнкаку архипелаги атрофидаги тортишувли ороллар борасида ўз позициясини кучайтириш ниятида. Токио ва Пекин маъмуриятларининг ўзаро ҳудудий даъволари, 2012-йили япон ҳукумати Хитой ўзиники деб ҳисобловчи 5та оролдан 3тасини хусусий шахсдан сотиб олгач, кескинлашган эди. Японияда янги молия йили 2017-йил апрелидан бошланади. 

2018-йилгача Япония мудофаа салоҳиятини кучайтириш дастурига кўра, йилига ҳарбий харажатлар ҳажмини 0,8 фозга ошириш режалаштирилган. Умуман, Япония ҳукуматига Синдзо Абэ қайтгач, мамлакат мудофаа харажатлари орта бошлади.

Кўпроқ янгиликлар