Суриянинг Ҳалаб шаҳридаги вайроналар остидан олиб чиқилган 5 ёшли болакай дунё жамоатчилиги диққат марказида турибди.

Қонга беланган, карахт аҳволдаги 5 ёшли Умран Дақнеш тез тиббий ёрдам машинасида ўтиргани тасвирланган видео ва фотосурат интернет бўйлаб тарқалиб, Суриядаги уруш рамзига айланмоқда.

Умран Дақнешга тиббий ёрдам кўрсатган шифокор у ёшда экани, унинг боши жиддий жароҳатланганини тасдиқлаган.

Би-би-си агентлигининг Newshour дастури бошловчиси Жейми Камурасами Умранга тиббий ёрдам кўрсатган шифокор Абу Муҳаммади билан суҳбатлашди.

Шифокор: Чоршанба куни кечқурун Умран бошқа ярадорлар билан бирга бизнинг шифохонамизга келтирилди. У жуда ҳам қўрқиб кетган, лекин йиғламаётганди. У карахт аҳволда эди. Биз унинг қўлларини, юзини ювдик ва бошини амалиётга тайёрладик.
Журналист: Сиз унинг айнан қаерда ва қандай ҳодиса оқибатида жароҳат олганидан хабардормидингиз?
Ш.: У яшаган туман ҳаводан бомбардимон қилинган.
М: Ҳозирда унинг аҳволи қандай?
Ш.: Умранга 2 соатдан кейин, барча зарур амалиётларни бажарганимиздан кейин шифохонадан жавоб берилади. Унинг омади бор экан, жароҳат бошнинг ташқи қисмида ва мияда шикастланиш йўқ.
М: Унинг руҳий ҳолати қай аҳволда? Ўзингиз ҳам айтдингиз, биз ҳам видеоларни кўрдик, у шок ҳолатига тушган ва индамай қолган. У охир-оқибат гапирдими?
Ш.: Йўқ, гапирмади.
М: Авиазарба оқибатида унинг оила аъзоларидан кимдир ҳалок бўлганми?
Ш.: Буни мен аниқ биламайман, лекин ҳамкасбларимнинг айтишича, унинг ота-онаси ҳам омон қолган.
М: У оиласи бағрига қайтадими?
Ш.: Менимча шундай.
М: Умраннинг қонга беланган ва қотиб қолган қиёфаси бутун дунё эътиборини ўзига қаратди. Лекин сиз бундай болаларни тез-тез кўриб турсангиз керак?
Ш.: Ҳа. Умуман олганда Умраннинг омади келган, қолаверса у ҳақида бутун дунё билди. Лекин бизга ҳар куни унданда аянчли аҳволдаги болалар, унданда аянчли тарихи бор ва оғир жароҳатли болалар келишади. Баъзи болаларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмайди, кимдир қўлини ёки оёғини йўқотади. Кимдир ҳам қўлидан, ҳам оёғидан айрилади.
М: Бу сизга ва буни кўрган кишиларга қандай таъсир кўрсатади?
Ш.: Менинг ўзимда 4 нафар фарзанд бор. Шифохонага олиб келинган болаларнинг ҳар бирини ўз фарзандим каби қабул қиламан. Юрак ларзага келади, лекин биз эътиборни жамлаб бу бегуноҳ жабрдийдаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун тиришишимиз керак. Умуман олганда, бошқаларни қутқариш исталган кишининг бурчидир. Биз - докторлар, тиббиёт ходимлари, жарроҳлар сўраймиз: одамларни бомбалашни бас қилинг. Биз худди XXI асрдаги холокостга ўхшайди.

Умран Дақнеш, беш ёш. Сурия, Ҳалаб

Нуфузли нашрларнинг муқовасида Умран Дақнеш акс этди.