Тошкент-Андижон-Тошкент йўналишидаги илк йўловчи поездининг қатнови 27 августдан бошлаб амалга оширилади. У пойтахтдан эрталабки 8:30 да йўлга чиқади. Бу ҳақда Твиттер фойдаланувчилари томонидан жойлаштирилган “Ўзбекистон темир йўллари” бошқаруви раиси Ачилбой Раматов буйруғида айтилган. Ҳозирда ҳеч қандай расмий маълумот берилмаган.

Поезд маршрути янги электрлаштирилган “Ангрен-Поп” темир йўл линияси орқали Тошкент-Ангрен-Орзу-Поп-Қўқон-Марғилон-Андижон шаҳарларидан ўтади.

Поезд 12та йўловчи вагонидан иборат бўлади. 20 августга қадар янги поезд қатнов графиги йўловчиларга маълум қилинади.

Июнь ойининг охирида топширилган “Ангрен-Поп” темир йўлининг узунлиги 123,1 км.ни ташкил қилади. У Фарғона водийсини Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари билан боғлади.

Режага кўра, биринчи йил 600 минг нафар йўловчи ташиш кўзда тутилган.