АҚШ ФҚБ ва адлия вазирлиги Америка компанияларининг Украина собиқ президенти Виктор Янукович коррупцион тизимига алоқадорлиги борасидаги хабарлар юзасидан текширув ишларини олиб боради, деб хабар қилмоқда CNN телеканали.

Телеканал маълумотларига кўра, бу суриштирув ишлари кенг қамровли бўлиб, Республикачилар партиясидан Америка президентлиги учун номзод Дональд Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Пол Манафортнинг фирмаси фаолияти ҳам текширилади. Ушбу компания, Янукович президентлиги даврида молиявий мукофот эвазига Украина манфаатларини илгари сурган ва ҳимоя қилиб келган. 

Хусусан, 18-август куни Украина миллий коррупцияга қарши кураш бюроси эълон қилган ҳужжатлар нусхасига кўра, Януковичнинг собиқ маслаҳатчиси Пол Манафорт Украинанинг Минтақалар партияси "қора касса"сидан 12,7 млн доллар пул олган.