Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) талабалари олий ўқув юртида ўқишлари давомида турли ёзги мактаблар, курслар ва семинарларда иштирок этиш имкониятларига эгалар.

Жорий йилнинг 25 июль кунидан 12 август кунигача IUTнинг 10 нафар талабаси Корея Республикасидаги Инҳа университети томонидан ташкил этилган халқаро ёзги мактабда иштирок этишди. Ёзги мактабда 63 та университет ва 20 та мамлакатдан 300 нафарга яқин талаба иштирок этди. Бу ҳақда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети матбуот хизмати хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, ёзги мактабга IUT талабалари университетнинг ички танловлари асосида танлаб олинди. Ушбу танлов ғолиблари Корея Республикасидаги Инҳа университети ёзги мактабда бепул иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар. 10 та танловдан 5 таси ахборот-коммуникация технологияларидаги тизимларни яратиш билан боғлиқ бўлса, қолган 5 таси талабаларнинг инсоний фазилатларини яхшилаш ва маънавий-маърифий мавзуларга бағишланган эди.

Ёзги мактабда иштирокчилар “Корея бизнес тизими ва иқтисодиёти”, “Бизнесда инглиз тили”, “Шарқий Осиё сиёсати ва халқаро алоқалар”, “Замонавий келажак технологиялари” ва бошқа мавзулардаги қўшимча ўқув курсларида иштирок этишди.