Буюк Британиянинг Ғарбий Сассекс графлиги ҳудудида жойлашган Selsey Academy номли ўрта мактаб ҳудудида йирик ёнғин чиқди. Гувоҳлар маълумотига асосланиб, Chichester Observer нашрининг маълум қилишича, ҳудудда бир неча марта портлаш овозлари эшитилган.

Воқеа жойида олинган кадрларда кўриш мумкинки, ёнаётган бино устида қуюқ тутун ҳосил бўлган. Ёнғин мактабнинг 75 фоизлик ҳудудини қамраб олган. Манба маълумотига кўра, ёнғинни ўчириш ишига 70дан ортиқ ўт ўчирувчи жалб этилган.

Ҳозирча ҳодиса сабаблари аниқланмади.

Ҳукумат мактабга олиб борувчи йўлларни тўсиб қўйди. Маҳаллий аҳолига деразаларни очмаслик (тутун кирмаслиги учун) тавсия қилинган.