Ҳиндистоннинг Гурдаспур шаҳрида жарроҳлар операция вақтида бир эркакнинг ошқозонидан 40 та пичоқ чиқариб олишди. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар бермоқда. 

Исми ошкор қилинмаган 42 ёшли эркак ошқозонида оғриқлар ва ҳолсизлик шикояти билан шифохонага етказилган. Шифохона бошқарувчиси, шифокор Житиндер Малхотра бемор ультратовуш текширувга юборилгани ва текширув унинг ошқозонида "қаттиқ жисм" борлигини кўрсатганини айтган. 

Бемор ошхона анжомларининг "таъми ёқиб қолгани" учун икки ой давомида уларни "тановул қилишга" кучли хоҳиши бўлганини тан олган. Шундан кейин бемор муваффақиятли операция қилинди ва у яқин орада шифохонадан қўйиб юборилади. 

Малхотра бу унинг 20 йиллик фаолиятидаги энг ҳайратланарли ҳолат бўлганини тан олди.

Ўтган йилнинг сентябрида Shanghaiist нашри лағмон ейиш вақтида 15 см лик қошиқни ютиб юборган хитойлик аёл ҳақида хабар берганди. 27 ёшли аёлни операция қилган шифокорлар бу тасодифан юз берганига шубҳа билдиришган.