Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Неймар Олимпиада финалида Германия устидан қозонилган ғалабадан кейин (1:1, пенальтилар бўйича 5:4) ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Менда ҳиссиётларимни ифодаловчи сўз топилмаяпти! Мен ўз шерикларимга, оиламга ва дўстларимга раҳматлар айтмоқчиман. Улар ҳамиша, оғир дамларда ҳам мени қўллаб-қувватлаб туришди. Бундан жуда хурсандман. Бугун биз Бразилия халқини бахтиёр қилдик.

Бу ҳаётимдаги энг унутилмас лаҳзаларидан бири бўлди. Мен орзумга етишдим.

Энди менинг танқидчиларим ўз сўзларини қайтиб олиши керак», – дея Неймарнинг сўзларини келтиради СВС нашри.

Бразилия Германия устидан ғалаба қозониш орқали илк марта Олимпиада чемпионлигига эришди.

Турнирнинг гуруҳ босқичида ЖАР ва Ироқ терма жамоаларига қарши ўйинларда Бразилия голсиз дуранг қайд этгач, мухлислар жамоа сардори бўлмиш Неймардан норози бўлишган ва ўйинлар вақтида унга тўп келиб тушганида "Марта" дея (бразилиялик аёл футболчи) бақира бошлашганди.

Манба: Tribuna.uz